15:00 / 25.08.2020
2 346

Қатор хорижий товарлар ва хизматлар хариди вақтинча тўхтатилади

Қатор хорижий товарлар ва хизматлар хариди вақтинча тўхтатилади
Президент қарорига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 ноябрдан хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хизматлар давлат харидларида иштирок этиши вақтинчалик тақиқланади ва чегараланади.

Президент Шавкат Мирзиёев «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.

Ушбу қарор ҳақида 21 август куни президентнинг Бектемир туманига ташрифи вақтида ҳам айтилганди, президент ўшанда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархини камайтириш зарурлигини таъкидлаганди.

Қарорга мувофиқ, энди давлат харидларида юртимизда тайёрланган маҳсулотларга устуворлик берилиб, ишлаб чиқариш янада рағбатлантирилиши, жумладан, тендерда иккитадан кўп ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи мавжуд бўлганда, фақат уларнинг маҳсулоти қатнашиши, бундан буён бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган барча харидларда маҳаллий ҳокимият вакиллари бевосита иштирок этиши айтилганди.

Ҳужжат матнида келтирилишича, 1 ноябрдан:
  • устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 минг бараваридан юқори бўлган импорт товарлари харидларининг мақсадга мувофиқлиги ҳар чоракда кузатув кенгашлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади;
  • хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланади ва чегараланади;
  • Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар бўйича тендер (танлов) иштирокчилари таклифларини баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади;
  • ҳудудий бюджет буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари бўйича харид комиссиялари таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчилари мажбурий тартибда киритилади;
  • Қарор билан 2021 йил 1 январдан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар учун товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг алоҳида тартиблари бекор қилиниши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 январга қадар стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига ва корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойилларига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) харидларини ўтказишнинг ички тартиблари жорий этилишини таъминлайди.

Ҳужжатда таъкидланишича, 1 ноябрга қадар cooperation.uz порталида республикада ишлаб чиқарилаётган барча товарлар (ишлар, хизматлар)нинг техник кўрсаткичлари 10 та рақамли ТИФ ТН коди ва ишлаб чиқарувчиларга боғланиш маълумотлари билан биргаликда жойлаштирилади.

️Мазкур қарор билан 2021 йил 1 январдан хорижий мамлакатларда хавфли маҳсулотлар ҳақида тезкор хабар бериш ахборот тизимига киритилган маҳсулотларни «эркин муомалага чиқариш учун» божхона режимига расмийлаштириш тақиқланади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 январга қадар халқаро, минтақалараро ва хорижий стандартларни уларнинг асл тилидаги маҳсулотга талабларни ўзгартирмасдан худди шундай кўринишда қабул қилиш орқали, 1995 йилгача тасдиқланган 5 236та стандартлар «тартибга солувчи гильотина» усулида бекор қилинади.

Шу билан бирга, 1 январгача давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолашнинг умум қабул қилинган тамойиллари (PIMA) асосида марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициявий лойиҳаларни тўлиқ ва узлуксиз мониторинг қилиш тизими жорий қилинади.

Шунингдек, қарор билан «Давлат харидлари тўғрисида«ги қонун лойиҳаси (янги таҳрирда) ишлаб чиқилиши белгиланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қатор хорижий товарлар ва хизматлар хариди вақтинча тўхтатилади