10:39 / 07.09.2020
2 519

Ўзбекистонда Россия ёки Хитой вакцинасини харид қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда

Ўзбекистонда Россия ёки Хитой вакцинасини харид қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда
Ўзбекистонда коронавирусга қарши Россия вакцинасини харид қилиш масаласи ўрганилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Санитар-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев «Коммерсантъ»га берган интервьюсида айтиб ўтган.

Юсупалиев «Коммерсантъ» мухбирининг 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор чекловлар бекор қилинаётгани, масжидлар жамоавий намозлар учун очилгани, ресторанлар фаолиятини қайта бошлаганини қайд этиб, Россия билан авиақатновлар қачон тикланиши хусусида берган саволига жавоб қайтарган.

«Республика махсус комиссияси қарорига кўра эпидемиологлар фикрини инобатга олиб авиақатновларни қайта тиклаш ва фуқароларнинг мамлакатга кириши ёки ундан чиқиши юзасидан тартибни ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакат ҳудудига кириш-чиқиш масалаларига келсак, дастлаб қатъий карантин чекловлари ўрнатилиб, хориж давлатларининг фуқаролари карантин ҳудудларига юборилди. Айни вақтда мазкур чоралар юмшатилган, карантинни меҳмонхона ёки уйда ўтказиш мумкин. Биз хориждан келганларни 14 кун давомида кузатамиз ва касаллик аломатлари кузатилмаса, улар республика ҳудудида эркин ҳаракатланиши мумкин.

Шунингдек, ишлаб чиқилган тартиб асосида хорижда ПЗР-текшируви асосида кам касалланиш ҳолатлари кузатилаётганини аниқлаб, маълумотлар ҳаққонийлигини текширамиз. Шунга кўра таҳлиллар асосида авиақатновларни қайта бошлаш бўйича қарор чиқарилади. Бу тобора тезлашаётган жараён ва, менимча, буёғига чегаралар очилишда давом этади.

Сентябрда Россия билан авиақатновлар қайта тикланиши мумкин. Лекин 15 мартдан қатъий карантин тартибини сақлаб, кейин чекловларни юмшатиб, янги касалланиш тўлқинига дучор бўлганимизни тўғри тушуниш керак, якунда карантин 15 августгача чўзилди ва 5 сентябрдан чекловлар яна юмшатилди. Барча мамлакатлардаги каби мактабларни, мактабгача таълим муассасаларини очяпмиз. Республикадаги вазиятга баҳо бериш учун вақт талаб қилинади. Касалланишлар сони камайса, авиақатновлар қайта тикланиши мумкин», — деган Баҳодир Юсупалиев.

ССВ расмийси Ўзбекистоннинг Россия ёки Хитойда яратилган коронавирус инфекциясига қарши вакцинани қўллашга тайёргарлик кўраётгани юзасидан ҳам изоҳ берди.

«Коронавирус инфекциясига қарши самарали кураш олиб бориш учун жамоавий иммунитет шакллантириш ёки аҳолини вакцинация қилиш лозим. Шу сабабли, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳукумат томонидан одамларни эмлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш муҳокама қилинмоқда.

Бир қатор давлатлар, хусусан, Хитой вакцинанинг клиник синовлари учинчи босқичида иштирок этиш бўйича таклиф билан чиқди. Айни вақтда вакцинанинг учинчи клиник синовлар босқичида иштирок этиш ёки тайёр ҳолда уни харид қилиш масалалари ўрганилмоқда.

Россия вакцинасининг хусусиятларини ҳам ўрганяпмиз. Россия ҳам вакцинани рўйхатдан ўтказгани ва учинчи клиник синовлар бошланганидан хабардормиз.

Аҳолини коронавирус инфекциясига қарши ўз вақтида эмлашда хавфсиз ва самарали вакцинани, зарур препаратларни харид қилишга тайёрмиз.

Россия вакцинаси борасида бир қарорга келиш юзасидан ҳукумат ҳамда икки давлат мутахассислари ўртасидаги муҳокамалар давом этмоқда. Икки ҳафтадан кейин бу борада бир қарор чиқарилса керак. Ҳукумат вакцинани харид қилиш учун маблағ ажратиш масаласини ҳам ўрганмоқда», — деган Ўзбекистон ҳукумати вакили.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Гамалея институти томонидан яратилган коронавирусга қарши икки компонентли вакцина 11 август куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олган. Вакцина тўлиқ самарадорлик тадқиқотини ўтказиш шарти билан рўйхатдан ўтказилган ва гувоҳнома 2021 йил 1 январга қадар амал қилади.

Вакцинани яратиш ва тадқиқ қилиш ишларини молиялаштирувчи Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев Россияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 2020 йил октябрь ойидан бошланишини айтган. Кейинчалик Россияда хавф гуруҳига кирувчи кишиларни коронавирусга қарши оммавий эмлаш 2020 йилнинг ноябрь—декабрь ойларида бошланиши ҳақида хабар берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда Россия ёки Хитой вакцинасини харид қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда