15:20 / 21.10.2020
2 924

«Кўрганларимга ишонаман» ёки Зангиота шифохонасида бир неча кун

«Кўрганларимга ишонаман» ёки Зангиота шифохонасида бир неча кун
Фото: ССВ
Кўпинча ижтимоий тармоқлар орқали беморларнинг шифокорлардан норози бўлаётганини гувоҳи бўламиз. Аммо...

Ёшим 55 да. Тошкент шаҳри Сирғали туманида истиқомат қиламан. 21 сентябрь куни коронавирус инфекцияси билан ўрта оғир ҳолатда «1-сон Зангиота шифохонаси»нинг қабулхонасига ҳеч қандай йўлланмасиз мурожаат қилгандим. «Е блок 4-бўлими»га қабул қилишди. Ярим соат ҳам ўтмасдан 170-палатага жойлаштиришди, ҳамхоналар билан саломлашиб улгурмасимдан навбатчи врач ва ҳамширалар муложаларни бошлаб юборишди. Ҳатто уларнинг менга қаттиқ эътибор қилишларини кўриб аҳволим шунчалар оғирмикан деган хавотирга бордим. Дори-дармон рўйхатини қачон беришини кута бошладим. Лекин бу ҳақда ҳатто имо-ишора ҳам қилишмади. Ўзимни ноқулай сезиб шифокорларга нима кераклигини сўрасаммикан, деган хаёлгаям бордим.

Муолажанинг учинчи кунига бориб аҳволим яхшиланиб, ўзимни енгил ҳис қила бошладим. Ҳамхонам Дилшоднинг айтишича унинг тумуш ўтроғи, укаси ва яна бешта қариндоши шу блокда даволаниб кетган экан. Яна бир танишим Миралининг эса турмуш ўртоғи ва қизи қўшни палаталарда даволанаётган экан. Мирали шифокорлардан мингдан-минг рози бўлиб, ёруғ чеҳра билан чиқиб кетди. Ўрнига Чинозлик Ҳусан ака келди. Келганининг иккинчи куниёқ опасини ҳам қўярда қўймай Зангиотада даволанишга кўндирди. Ўша куниёқ опаси бошқа блокка келиб жойлашди. Хонадошим Дилшод чиқиб кетгач, пискентлик бемор қариндошлари билан ҳеч қандай қийинчиликсиз, ҳеч қандай пул тўламасдан муолажаларни олиб бошлади...

Бу ерда ишлаётган шифокор ва ҳамшираларнинг қўли қўлига тегмайди. Навбатчи шифокорлар оғир йўталаётган ёки шу каби белгиларни бераётган беморни ёнида шу ондаёқ пайдо бўлар ва уни кўрикдан ўтказиб лозим топилса ҳолатидан келиб чиқиб муолажани ўзгартирар эди. Хуллас бу ерда ҳар бир беморга алоҳида ёндошув йўлга қўйилган. Кислороддан фойдаланмасангиз, улар тайинлаган ҳолатда ётмасангиз умуман улар ўрнатган тартибга риоя қилмасангиз, жон куйдириб койиб беришади.

Четдан қараган киши, врач ёки ҳамширалар гуё ўзини қариндошига ичи ачигани учун жонфидолик қиляпти деб ўйлаши мумкин. Тозалик посбонлари эса тунги соат иккида кислороднинг сувини алмаштириш, эрталаб яна бешда палаталарни хлорли эритма билан ювиб тартибга келтириш, беморларга овқат тарқатиш, ҳолати оғирларни овқатлантириш, идишларни махсус эритмаларда ювиб тозалаш ишларини сидқидилдан бажаришади.

Мен ётган палата йўлакнинг бошида бўлгани учун беморларнинг, янги келганларнинг хуружли йўталлари ва тузалаётганларнинг шукронаси, шифокорларга чин дилдан ташаккур айтаётганлари эшитилиб турарди.

Ахир оғир дамларда инсон ҳимоячи ва ғамхўрга муҳтожлик сезади. Бу ердаги шифокорларнинг фидойиликлари сабаб улар ёлғиз эмаслигини ҳис қилган ҳолда хотиржам эдилар.

Ниҳоят ўғлим билан буткул соғайиб шифохонани тарк этдик. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен шифокорлар — Илҳом Хўжақулов, Соҳиб Камолов, Нодир Турсунов, Жаҳонгир Қосимов, Шоҳжаҳон Маткаримов, ҳамширалар — Чарос Ҳидоятова, Дилором Юнусова, Гулноза Исмаилова, Ҳилола Маҳмудова, Раъно Тожибоева, Дилноза Дадахонова, Гулхан Алимбоева, Дилрабо Абдуллаева ва Шаҳноза Зоирова, санитарлар гуруҳи — Дилмурод Қаюмжонов, Дилшод Абдужамолов, санитаркалар — Албина Маҳмудова, Саида Йўлдошева, Нодира Пўлатова ва Моҳидил Эгамназароваларга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Зеро, яхшиликни тан олиш, нажот фаришталари каби одамларга умид бағишлаётган олийжаноб шифокорлар юртимизда кўплаб топилишини эслатиб қўйиш менинг инсонийлик бурчим эмасми?

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)