12:23 / 30.10.2020
1 915

Ўзбекистонда дори воситалари сифатини ошириш дастури амалга оширилади

Ўзбекистонда дори воситалари сифатини ошириш дастури амалга оширилади
Фото: Depositphotos
АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан Ўзбекистонда “Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс” дастурини амалга ошириш юзасидан англашув меморандумини имзолади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарига кўра, меморандум USAID’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Ребекка Блэк ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев томонидан имзоланди.

“Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс” дастури Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг назорат ва бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш, дори воситалари сифатини таъминлаш тизимини бошқариш, беморлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда микробларга қарши дори воситаларига турғунлик шаклланиши билан курашишда техник кўмак кўрсатади.

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг халқаро андозаларга мос равишда фаолият юритишини таъминлаш мақсадида юқоридаги дастур доирасида тегишли ишлаб чиқариш тажрибаси бўйича инспекция ташкил этилади.

USAID 2014 йилдан бери силга қарши дори воситалари хавфсизлигини ошириш мақсадида Ўзбекистондаги хусусий секторни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон силга қарши дори воситаларини ички бозордан харид қилиш амалиётига ўтар экан, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган силга қарши дори воситалари халқаро сифат стандартларига мос бўлиши муҳим роль ўйнайди.

“Сифатли дори-дармонлар қўллашни рағбатлантириш плюс” дастури беш йил муддатга тузилган ҳамкорлик битими ҳисобланиб, унинг мақсади паст ва ўрта даромадли мамлакатларда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сифатини таъминлаш тизимини барқарор равишда кучайтиришдан иборат.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда дори воситалари сифатини ошириш дастури амалга оширилади