19:53 / 30.10.2020
1 051

Монополияга қарши курашиш қўмитаси судда UzAuto Motors компаниясига ютқазди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси судда UzAuto Motors компаниясига ютқазди
Тошкент шаҳар маъмурий судида 30 октябрь куни UzAutoMotors АЖнинг Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди. Ушбу маъмурий иш судья Ғ.Давлатов раислигида кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, бугунги жараён очиқ суд мажлисида давом эттирилди ва дастлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили С.Атамуратов судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда ишни кўришда жамият истеъмолчиларини ҳамда Azimavtomotive МЧЖни мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилишни сўради.

Мазкур илтимоснома тарафлар ўртасида муҳокама қилингач, суднинг ажримига асосан жамият истеъмолчилари сони ва шахси аниқ эмаслиги ҳамда шикоят талаби уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бевосита таъсир кўрсатмаслиги сабабли илтимосномани қаноатлантириш рад этилди.

Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили С.Атамуратов судга иккинчи илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда UzAuto Motors АЖ вакили Н.Отахонованинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўради.

Мазкур илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралгач суднинг якуний ҳал қилув қарори эълон қилинганда тушунтириш берилиши маълум қилинди. Шундан сўнг тарафларнинг асосий шикоят аризаси юзасидан фикрлари тингланиб, музокара сўзига киришилди.

Дастлаб, музокара сўзида аризачи UzAuto Motors АЖ вакиллари Л.Эрдонаев ва Р.Шаймарданов ўз фикрларини билдирди. Шундан сўнг музокара сўзида жавобгар МҚКҚ вакиллари Б.Умматов, У.Давлетов, Ш.Шадманкулов ва С.Атамуратовлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ишда иштирок этувчи Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Э.Воҳидовнинг иш юзасидан шикоят аризасини қаноатлантириш ҳақидаги музокара сўзи тингланди. Шундан сўнг суд ҳал қилув қарори қабул қилиш учун маслаҳатхонага кирди.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30-октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи UzAuto Motors АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иши бўйича 2020 йил 19 августдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитасидан аризачи UzAuto Motors АЖ фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 230 000 сўм ва 20 000 сўм почта харажатлари ундириш белгиланди.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилди.

Судда раислик қилувчи ушбу ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг тарафларга нима сабабдан суд ушбу хулосага келганлиги ва суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан шикоят келтириш муддати ва тартиби тўғрисида тушунтириш берди.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги автомобиль нархлари билан боғлиқ суд жараёни 2 октябрь куни бошланган, 9 октябрда ўтказилган суд мажлисида UzAuto Motors товарлар нархини шакллантириш махфий ҳужжатларга асосланганини билдирган ва суд 16 октябрдаги мажлисда ишни ёпиқ тартибда кўришни бошлаган.

Олдинроқ Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.

Компания ўшанда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг баёнотларини популистик, ҳаракатларини эса масъулиятсизлик деб атаган ва ушбу сценарий энг йирик миллий корхоналардан бирини банкротликка олиб келиши мумкинлигини айтган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)