09:43 / 03.11.2020
1 250

«Бабаянча қайтиш»: Абдурасул Ваҳобов яна ҳоким ўринбосари?!

«Бабаянча қайтиш»: Абдурасул Ваҳобов яна ҳоким ўринбосари?!
Фото: Видеолавҳадан скриншот
Самвел Бабаян ва Абдурасул Ваҳобов бошқа-бошқа соҳа одами. Аммо уларнинг қисматида битта ўхшашлик бордай.

С. Бабаян футбол бўйича миллий терма жамоани ўзига қўшиб шарманда қилгач, бош мураббийликдан четлатиш ҳам гапми, ҳатто тизимда бошқа ишламаслиги ҳақида бонг урилди. Бироқ, маълум вақт ўтиб, у ўзбек футболига қайтди. Қайтгандаям, мамлакатнинг номдор жамоаларидан бирининг бошқарувини қўлга олди.

Абдурасул Ваҳобов — Бабаяндай машҳур эмас. Аммо Kun.uz журналистларига тажовузи ортидан яхшигина тилга тушганди. Шундан кейинги шов-шувлар, айниқса, унинг ОАВ орқали журналистни далил-исботсиз, бироқ очиқ-ошкора оғир жиноятда айблаши ва, пировардида, барибир сувдан қуруқ чиқиши шуҳратига шуҳрат қўшганиям бор гап. Айни жараёнда А. Ваҳобов ишдан четлатилди (унинг хатти-ҳаракатларидан гўёки жиноят аломатларини «тополмаган» Тошкент шаҳар прокуратураси мутасаддиларидан бири «А. Ваҳобов ишдан кетишининг ўзи катта жазо» мазмунида гапириб, вазиятни хаспўшлашга урингани эсингиздадир). Бугун маълум бўлдики, бу вақтинча кўрилган чора экан.
Алқисса, журналистнинг «панжасига панжа уриши» натижасида Олмазор тумани ҳокими ўринбосарлигидан кетган А. Ваҳобов яна шу лавозимга шундай қайтибди! Баайни Самвел Бабаяннинг ўзбек футболига қайтишидек. Фарқ шуки, Бабаяннинг футболга қайтиши яхшигина шов-шувларга сабаб бўлганди. А. Ваҳобовни эса «ўз ўрнига олиб келиш» пинҳона амалга оширилгани э-энди аён бўлмоқда. Аён бўлгандаям бугун — Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишини тўхтатиш халқаро кунида маълум бўлаётганини айтинг?!

Секинроқ гапирайлик, ёқамиздан олишлари мумкинки, собиқ ва содиқ ҳоким ўринбосари жиноятчи деб топилмаган, баски, унинг жазосиз қолгани ҳақида оғиз кўпиртирма, деб... Дарҳақиқат, шундай: журналистга қилган тажовузи (!), айни жараёнда таҳририят мулкига шикаст етказгани (!) шунингдек, уни (журналистни) оғир жиноятда айблаб, бунга исбот-далил келтир(ол)маган (!) бўлса-да, ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ўтказган Тошкент шаҳар прокуратураси А. Ваҳобовнинг хатти-ҳаракатларида на маъмурий ҳуқубузарлик, на жиноят аломатлари тополмаган гўё... Демакки, ортиқча иддаога ҳуқуқий асос йўқ.

Шундай экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2013 йил 18 декабрда қабул қилинган резолюциясига асосан, ҳар йилнинг 2 ноябрь куни дунё миқёсида Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишини тўхтатиш халқаро куни деб эълон қилинганини яна бир карра такрорлаб, мазкур ҳужжатда ташкилотга аъзо барча мамлакатлар журналистларнинг хавфсиз фаолият юритиши учун шароит яратиш, ахборот олишни кафолатлаш ва сўз эркинлигини таъминлаш, журналистларга нисбатан содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан зарур чораларни кўришга чақирилганини таъкидлашнинг зарари йўқ.

Шунингдек, БМТдагилар ўзбекнинг «Шу опамга — шу поччам» ёки «Султон суягини хўрламас» каби мақолларини билмаслиги, билишниям истамаслигини эслатиб ўтиш ҳам ортиқчалик қилмас.

Нима дедингиз?!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)