15:00 / 20.11.2020
1 363

Сенатда ҳозирча «Абдураҳмонов масаласи» кўтарилгани йўқ

Сенатда ҳозирча «Абдураҳмонов масаласи» кўтарилгани йўқ
Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлаганидан хабарингиз бор. Парламент юқори палатаси ялпи мажлиси Youtube порталида ҳам онлайн тарзда бериб борилаётгани, кўплаб фойдаланувчилар пешма-пеш муносабат билдирилаётганидан ҳам бохабарсиз.

Сенат раиси Танзила Норбоева ижтимоий тармоқларда қолдирилаётган муносабатларни кузатиб бораётганини билдириб, бир-иккита аччиқ-аччиқларини ўқиб берар экан, бугунги совуқ кунларда газ ва свет таъминотидаги муаммоларга аниқлик киритиш ҳақида мажлиснинг ўзидаёқ доимий ишловчи сенаторларга топшириқ бергани ҳақида маълум қилгандик.

Айрим фойдаланувчилар «UzAuto Motors» монополиясини тугатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидан норозиликларини ҳам билдирмоқдалар. Шунингдек, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов масаласига эътибор қаратишни сўраб изоҳ қолдиган.

Ҳозирча Сенатда «Абдураҳмонов масаласи» кўтарилгани йўқ.

Маълумки, кейинги бир неча кун ичида Ш. Абдураҳмоновнинг бир эмас, учта ҳақоратли аудиолари тарқалди. 13 ноябрь куни тарқалган биринчи аудиода ҳоким журналистларнинг «қичиқ савол»ларига тоқати йўқлиги, «нормальний» мулоқот қилиш тарафдори эканини таъкидлаб, гап орасида оммавий ахборот воситалари ходимларидан бирини «ҳезалак» деб ҳақоратлайди. Бундан ташқари гўёки «шаллақилик» қилган марҳаматлик мурожаатчиларни «15 суткага тиқиб» қўйганини ҳам писанда қилади.

Эртаси куни тарқалган иккинчи аудиода эса у тадбиркорлар билан бўлган учрашувни эслаб, ким Бош вазирга мурожаат қилса, (ўша мурожаат) барибир ўзига келиши, мабодо, бирор шикоят Тошкент орқали келса, (мурожаатчининг) кетига (ҳоким шу сўзнинг қўпол муқобилини ишлатади) тепишини таъкидлайди. Шунингдек, бир тадбиркорни «...сени одам туққанми ё ит туққанми?», «Э, семирмай ўл, тўнғиз!» дея ҳақоратлайди.

Куни кеча Ш. Абдураҳмоновга оид дейилган учинчи аудио тарқалди. Бу сафар у ўта асабий тарзда вилоятда амалга оширилаётган ишларни қўшни вилоятлар билан таққослашларини айтиб, миллиардер Алишер Усмонов Наманганга 50 миллион доллар бергани, «қайси андижонлик ифлос менга бир сўм бериб қўйибди?» дея иддао қилади.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йиллардан буён Андижон вилоятини бошқариб келаётган Шуҳрат Абдураҳмонов шунча пайтдан бери Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳисобланади.

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)