08:36 / 24.11.2020
3 130

Адлия вазирлиги соҳадаги камчилик ва муаммолар тўғрисида маълумот берди

Адлия вазирлиги соҳадаги камчилик ва муаммолар тўғрисида маълумот берди
Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати
23 ноябр куни Адлия вазирлигида республикада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, бу борадаги мавжуд муаммолар ҳамда таҳлилий ўрганишлар натижасида кўрилган зарур чоралар, хусусан, вазирлик қошида очилган “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолияти ва унга юклатилган вазифалар муҳокама қилинди.

Вазирлик жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларидан аҳоли қанчалик хабардорлиги ва тарғибот тадбирларининг самарадорлиги, бу борадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни таҳлилий ўрганиб чиқди ҳамда қуйидаги хулосаларга келди.

Қайд этилишича, таҳлил натижалари, биринчи навбатда, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада эмаслиги устида ишлаш зарурлигини кўрсатди. Чунки миллионлаб аҳолининг ўз ҳуқуқларини билишини ортидан қувишдан кўра, давлат органларида қонунийликни таъминлаган афзалроқдир. Давлат органлари ва хизматчилари ўз вазифаларини тўғри бажариши керак, фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилмасликлари керак.

Ноқонуний қарорлар қабул қилиш амалиётининг мавжудлиги. Бу ҳолат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида кўпроқ кузатилган.

Иккинчидан, аксарият вазирлик ва идоралар ўзларига тегишли қонун ҳужжатларини аҳолига тўғри тушунтириш масаласига иккинчи даражали иш сифатида қараб келмоқда.

Учинчидан, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришда оммавий ахборот воситаларининг, журналист ва блогерларнинг роли бениҳоя катта. Бироқ айрим ҳолларда талқин қилишда ноаниқлик оқибатида жамоатчилик фикри чалғиши, аҳолининг давлат органларига ишончсизлигига олиб келиши мумкин.

Маълумот берилишича, “Шу ерда ва ҳозироқ” тамойили асосида фуқароларга барча долзарб ва зарур ҳуқуқий маълумотларни тақдим қилувчи янгиланган e-maslahat.uz интерактив ҳуқуқий порталини (сайтини) такомиллаштириш кўзда тутилган.

Шунингдек, барча аҳоли қатламларини бепул ҳуқуқий маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 5та ҳуқуқий портал (advice.uz – e-maslahat.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, hudud24.uz) ҳамда тадбиркорлар учун бепул ҳуқуқий маълумот ва маслаҳат оладиган “Advice for business” юридик портали ишга туширилганлигига ҳам тўхталиб ўтилди.

Анжуманда, “Очиқ адлия” тизими қандай ишлаётганлигига оид маълумотлар ҳам тақдим қилинди. Хусусан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларига адлия органлари биноларида мобил телефондан, аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат бериш ходимларнинг ҳушёрлигини янада оширганлиги, ўз вазифаларини лозим даражада бажара олмаётган ходимлар рейтингини шакллантириб, уларнинг малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги, ходимнинг айби билан боғлиқ ҳолатлар бошқаларга ўрнак бўлиши учун кенг ёритилаётганлиги, молиявий аҳволдан хабардорликда шаффофлик бўлиши учун вазирликнинг веб-сайтида маълумотлар бериб борилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, вазирлик томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ҳужжатлар, ишлаб чиқилган юридик ҳужжатлар ва уларнинг самарадорлиги, эскирган идоравий ҳужжатларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги соҳадаги камчилик ва муаммолар тўғрисида маълумот берди