10:30 / 27.11.2020
1 383

Контрактдаги талабалар учун 400 млн сўмлик таълим гранти эълон қилинди

Контрактдаги талабалар учун 400 млн сўмлик таълим гранти эълон қилинди
Ўзбекистонда илк маротаба талабаларни моддий қўллаб-қувватлашга мўлжалланган www.metsenat.uz лойиҳаси ишга тушгани ҳақида хабар берилди.

Бир гуруҳ жамоатчилик фаолларининг ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги меценатларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжманд ҳамда иқтидорли талабаларнинг тўлов-контрактини тўлашга ёрдам бериш, шунингдек стипендиялар эълон қилишдан иборат.

Лойиҳа ишга тушгач, шу куннинг ўзидаёқ илк меценатлар сайтда талабалар учун грантини жойлаштирди.

Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда «Меҳрли қўллар» хайрия фонди томонидан тўлов шартнома маблағларини тўлашга муҳтож талабалар учун 400 млн сўмлик таълим гранти дастури эълон қилинди.

Бунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган ОТМларда (чет эл олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги филиаллари бундан мустасно) кундузги таълим (бакалавр босқичи)да тўлов-шартнома асосида таълим олаётган (супер контракт бундан мустасно) чин етим, ногирон, ота-онаси (ҳар иккаласи) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, Меҳрибонлик уйида тарбияланган, боқувчисини йўқотган ва 30 ёшдан ошмаган талабалар қатнаша олади.

Ғолиб бўлган талабаларнинг стипендиясиз ҳисобланган тўлов-шартнома маблағининг 50%игача бўлган қисми тўлаб берилади.
Грантда иштирок этиш учун аризалар 10 декабргача metsenat.uz сайти орқали қабул қилинади.

Ҳурматли талабалар, бундай имконни қўлдан бой берманг, омадингизни синаб кўринг!

Шу ўринда юртимиздаги саховатпеша тадбиркорлар, йирик компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотларга ҳам мурожаат қилмоқчи эдим: имконингиз бўлса, илмга инвестиция киритинг, таълимни қўллаб-қувватланг, талабаларни рағбатлантиринг. Metsenat.uz лойиҳаси сизга бу борада беминнат кўмакчи бўлишга тайёр.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)