Ўзбекистонда 1 млн 535 минг талаба олий таълимда ўқимоқда

Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йили бошида олий таълим ташкилотларида ўқиётган талабалар сони 1 млн 535 минг нафарга етган. Бу маълумотни Миллий статистика қўмитаси тақдим этди.
Ушбу талабаларнинг 1 млн 478,7 минг нафари бакалавриат йўналишларида таҳсил оляпти. Магистратура босқичида ўқиётганлар сони 56,3 минг нафарни ташкил қилади.
Талабалар сони ҳудудлар бўйича фарқ қилади. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда 579,3 минг талаба олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.
Бухоро вилоятида 117,7 минг, Қашқадарё вилоятида 111,6 минг, Тошкент вилоятида 101,5 минг талаба бор. Фарғона вилоятида бу кўрсаткич 98,9 минг нафар, Самарқанд вилоятида 93,9 минг нафарни ташкил этган.
Сурхондарё вилоятида 76,2 минг, Қорақалпоғистон Республикасида 73,7 минг, Хоразм вилоятида 65,9 минг, Андижон вилоятида 65,7 минг талаба ўқийди.
Наманган вилоятида талабалар сони 52,5 минг нафар, Навоий вилоятида 42,5 минг нафар, Жиззах вилоятида 32,4 минг нафар деб кўрсатилган. Энг кам кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган, 23,2 минг нафар.































Изоҳлар 0
…