Ёшлар стартапларига 1 миллиард сўмгача инвестиция берилади

Ёшлар стартапларига 1 миллиард сўмгача инвестиция берилади
Қисқача

Ўзбекистонда ёшларнинг бизнес, ахборот технологиялари ва креатив иқтисодиёт йўналишидаги 100 та энг яхши лойиҳасининг ҳар бирига 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилиши режалаштирилди. Бу мақсад учун Ёшлар агентлиги томонидан лойиҳалар саралаб олинади. Шунингдек, 2026 йил мамлакати деб эълон қилинган Ўзбекистонда ҳар бир вазир ва ҳоким камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғарма ташкил қилиши белгиланди.

Ўзбекистон 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишни режалаштирмоқда. Давлат раҳбари бу мақсадга эришиш учун барча соҳаларга янги ғоя олиб кирадиган инновацион стартаплар зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги тўққиз йилда мамлакатдаги маҳаллий стартап экотизими 15 баробар ўсиб, унинг қиймати 4 миллиард доллардан ошган. Венчур жамғармалар сони 23 тага етган, уларнинг умумий капитали эса 200 миллион долларни ташкил қилган.

Шу даврда 1 минг 200 дан ортиқ истиқболли стартап лойиҳалар пайдо бўлган. Айни йўналишда 3 мингдан зиёд ёш юқори даромад топмоқда.

Ўзбекистоннинг стартап соҳасидаги натижалари халқаро рейтингларда ҳам қайд этилган. «Глобал стартап индекси»да мамлакат 31 поғона юқорилаган. Шунингдек, Ўзбекистон дунёда энг тез ривожланаётган стартап экотизимларидан бири сифатида «2026 йил мамлакати» деб эълон қилингани айтилди.

Энди ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳоким «Мингта масалага ёшлардан мингта ечим» лойиҳасини амалга оширади.

Лойиҳа доирасида ҳар бир раҳбар ўз тизимидаги долзарб муаммоларни очиқ платформага жойлаштиради. Ёшлар таклиф қилган энг яхши ечимлар учун мукофот белгиланади.

Бунинг учун ҳар бир вазир ва ҳоким камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғарма ташкил этади. Маблағлар ғолибларни рағбатлантириш ҳамда 20 тадан энг яхши стартапни ғоя босқичидан амалиётга жорий этишгача молиялаштириш учун йўналтирилади.

Ёшлар агентлиги эса бизнес, ахборот технологиялари ва креатив иқтисодиёт йўналишида 100 та энг яхши лойиҳани танлайди. Уларнинг ҳар бирига 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан муҳокама қилингЯнгиликни таҳлил қилинг, фойдали маслаҳатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар