09:40 / 04.12.2020
2 539

Ўзбекистонда антикоррупция лабораториялари ташкил этилмоқда

Ўзбекистонда антикоррупция лабораториялари ташкил этилмоқда
Ўзбекистонда илк бор антикоррупция лабораторияларини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишга туширилмоқда. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу ташаббус “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро нодавлат ташкилоти кўмагида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа саккиз босқичда олиб бориладиган йирик антикоррупцион тадқиқотларни ўз ичига олади. Якуний мақсад — таълимнинг барча босқичларида, яъни мактабгача таълимдан олий таълимгача коррупция ҳолатларининг тўлиқ манзарасини ҳосил қилиш.

“Таълим тизими ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири. Айнан шунинг учун ушбу соҳа антикоррупция лабораторияларини ташкил қилиш лойиҳасининг таянч нуқтаси сифатида танлаб олинди”, - дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, тадқиқотнинг биринчи босқичида таълим тизимининг заиф томонлари, хусусан, болаларнинг мактабга қадам қўйиши босқичида эҳтимолий ва мавжуд коррупцион хатарлар аниқланади.

Коррупция хатарлари ўтказиладиган сўров натижалари, статистик маълумотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, молиявий назорат органлари, шунингдек, мобил дастурлар орқали юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари асосида баҳоланади. Маълумотларни тўплаш ва коррупция хатарлари таҳлили доимий равишда ўтказилади, тегишли чоралар ҳар уч ойда ишлаб чиқилади.

Жамланган маълумотлар натижалари асосида ушбу тажрибани таълимнинг бошқа йўналишларида қўллаш режалаштирилган. Бунда ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, дарс соатлари, синф раҳбарлигини тақсимлаш, мактаб ва синф фондига пул йиғиш, умумий таълим соҳасида давлат харидлари, абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш, ўқитувчи ва талаба ўртасида порахўрлик каби долзарб муаммолар инобатга олинади.

Тўпланган, таҳлил қилинган ва умумлаштирилган маълумотлар коррупция хатарлари бўйича кенг қамровли ҳисобот кўринишида таълим тизимида шаффофликни таъминлаш, мутаносиб тавсиялар билан тақдим этилади. Шунингдек, бу каби лабораториялар соғлиқни сақлаш ва қурилиш каби соҳалардаги муаммоларга ечим топиш учун ҳам ташкил этилиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда антикоррупция лабораториялари ташкил этилмоқда