13:05 / 23.12.2020
2 386

Турк дипломати 2020 йил синовларига Мавлоно Румийдан жавоб топди

Турк дипломати 2020 йил синовларига Мавлоно Румийдан жавоб топди
Фото: АОКА. Элчи Меҳмет Сурайё Эр.
Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр кириб келаётган янги 2021 йил билан қутлов йўллади. Дипломат ўз табригида мамлакатимиз аҳлига «Ота юртимиз Ўзбекистондаги азиз қардошларим» дея мурожаат қилган.

Элчи 2020 йил мамлакатларимиз учун ҳам, жаҳон давлатлари учун ҳам оғир йил бўлганини таъкидлар экан, Туркия ҳамда Ўзбекистон бир ёқадан бош чиқариб COVID-19 пандемияси ва бошқа жиддий мушкулотларни сабот ила енгиб ўтишига ишонч билдирган.

«Биз – қадимий заминда асрлар мобайнида яшаб, ўзлигини асраб-авайлаб келаётган қардош икки халқ сифатида тарихда инсоният бошига тушган қанчадан-қанча мусибатларни бирдамлик руҳида ва ғайрат-шижоат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг авлодларимиз. Бугунги қийинчиликларни ҳам бир-биримизга елкадош бўлиб, донолик билан, илму ирфон ва Қодир Оллоҳнинг ёрдами билан ортда қолдиришимизга, бу йил биз унчалик ҳам ҳис қилмаган бахт, соғлиқ-омонлик ва тинчлик-хотиржамлик тўла кунларга янги йилда муяссар бўлишимизга ишонаман», – деган Меҳмет Сурайя Эр.

Дипломат мамлакатларимиз ўртасида қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклик алоқалари янада ривожланишини тилар экан, туркий дунёнинг улуғ мутафаккири Мавлоно Жалолиддин Румийнинг неча асрлардан буён башарият йўлини ёритиб келаётган «Маснавий» асаридан ўрин олган «Келса маъюслик, кейин уммид келур, / Кеча кечгай, ортидин хуршид келур» байтини ёдга олган. Элчи ўз табригида Мавлононинг ушбу ўлмас асарини маҳорат билан таржима қилган Ўзбекистон халқ шоири, атоқли мутаржим Жамол Камолни ҳам эҳтиром ила тилга олган.

Ўзбекистон ва Туркия 2020 йил давомида пандемияга қарши курашда ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, жорий йил июль ойида юртимизга коронавирусга қарши курашда маслаҳатчи сифатида туркиялик мутахассислар гуруҳи ташриф буюрди.

Бундан ташқари, Туркия Ўзбекистонга 12,5 тонна инсонпарварлик ёрдами ҳамда 50 дона сунъий нафас олдириш ускунаси юборди.

Эслатиб ўтамиз, Меҳмет Сурайё Эр 2018 йил декабрда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасига тайинланган. Бунга қадар у Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) вице-президенти лавозимида фаолият юритган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Турк дипломати 2020 йил синовларига Мавлоно Румийдан жавоб топди