18:10 / 06.01.2021
1 824

Қарздор ота суд залида алимент пулларини тўлаб берди

Қарздор ота суд залида алимент пулларини тўлаб берди
Маълумки, юртимизда болаларнинг барча ҳуқуқлари қатори моддий таъминот олиш ҳуқуқи ҳам қонун билан кафолатланган. Хусусан, Конституциямизнинг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Аммо ҳаётда турли сабабларга кўра, оиланинг бузилиши натижасида алоҳида яшайдиган ота ёки онанинг бола таъминотида иш­тироки ўта долзарб муаммога айланади.

Шунинг учун амалдаги Оила кодексининг 96-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт экани қатъий белгилаб қў­йилган.

Агар ота ёки она ушбу қонуний талабни ихтиёрий равишда бажармаса, бола таъминоти учун алимент суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига асосан ундирилади.

Бу ҳаётда фарзанд тарбияси, унинг таъминоти ҳар бир ота-она зимма­сида­ги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифа саналади. Бироқ ҳаётда ана шундай масъулиятли вазифани ўз ихтиёри билан бажаришдан бош тортадиган ота-оналар ҳам учраб туради. Албатта, бундай вазиятда бола таъминоти учун алимент суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундирилади.

Масалан, қарздор Р.Л. Гулистон шаҳрида яшаб келиб, 4 ой давомида алимент пулини тўлаб беришдан қасддан бўйин товлаб келган.

Шу сабабли, Гулистон шаҳар маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 47(4)-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган. Унга тайинланган 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун 20.01.2019 йилдан 01.12.2020 йилга қадар бўлган давр учун ҳисобланган жами 8 млн. 383 минг сўм алимент пулларини тўламасдан , вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлашда ифодаланган жиноятни содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Р.Л.нинг хатти-ҳаракатларида "Моддий ёрдамга мухтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш" яъни, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби мавжудлигини инобатга олиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилди ва айблов далолатномаси билан ЖИБ Гулистон шаҳар судига юборилди.

Жабрланувчи О.Д. судга ариза билан мурожаат қилиб, айбланувчи Р.Л.дан 8 млн. 383 минг сўм алимент пулларини суд мажлисида иҳтиёрий равишда тўлиқ тўлаб берганлиги, улар ўзаро ярашиб олганликлари сабабли жиноят ишини ўзаро ярашувга асосан тугатишни сўраган. Шунга кўра, суднинг ажрими билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан Л.Р.га оид жиноят иши ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

Хулоса қилиб айтганда, алимент бу қарз эмас, балки фарзанднинг у вояга ет­гунга қадар бериладиган таъминотидир. Буни бажариш эса, ҳар бир ота-онанинг бурчидир.

Икромхон Убайдуллаев,
Бюронинг Сирдарё вилоят бошқармаси катта суриштирувчиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қарздор ота суд залида алимент пулларини тўлаб берди