17:27 / 23.01.2021
3 026

Қаршидаги ҳарбий база яна жаҳон матбуоти эътиборига тушди

Қаршидаги ҳарбий база яна жаҳон матбуоти эътиборига тушди
Фото: Johnny Lee
Дональд Трамп АҚШ президенти сифатидаги сўнгги соатларда Қарши–Хонобод базасида хизмат қилган барча ҳарбийларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Фармонга кўра, АҚШ мудофаа вазирлиги 365 кун ичида 2001 йил 1 октябрдан бошлаб 2005 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистондаги авиабазада хизмат қилган ҳарбийларда заҳарланиш таъсирини синчиклаб ўрганиб чиқади. Тафтиш жараёнида, шунингдек, авиабазадаги шарт-шароит, жумладан, заҳарли моддаларнинг тарқалиши эҳтимоли жиддий тадқиқ этилади.

Мудофаа вазирлиги раҳбарияти CBS телеканалига ушбу фармонни шарҳлар экан, глобал террорга қарши курашда жасорат ва матонат кўрсатган ҳарбийларга нисбатан адолат қарор топишига умид билдирган.

Сўнгги йилларда АҚШ расмий ва норасмий доираларида Қарши–Хонобод базасида хизмат қилган ҳарбийларининг кимёвий қурол қолдиқлари, қайта ишланган уран ва бошқа хавфли моддалардан заҳарлангани хусусида тахминлар янграб келади.

2015 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, Қашқадарёдаги базада хизмат қилган ҳарбийларнинг камида 61 нафари саратон касаллигига чалинган ёки ушбу хасталикдан вафот этган, деб ёзади McClatchy нашри. Масалан, мазкур базада фаолият юритган ҳарбий разведкачи Скотт Уэлш (Scott Welsch) хизматдан бир неча йил ўтгач саратонга чалинган, аммо Фахрийлар масалалари департаменти бу ҳолатни тан олишни истамаган. Бир гуруҳ ҳарбийлар адолат истаб Конгрессга ҳам мурожаат йўллаган.

Қарши–Хонобод базасида фаолият юритган ҳарбийларнинг заҳарланиши эҳтимоли ҳақида сўз борар экан, мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли саломатлиги масаласи ҳам кун тартибига чиқади.

«Қизиқ, ҳарбий базада ростдан кимёвий қуроллардан қолган зарарли моддалар бўлса, унда бу ўша атрофда яшайдиган маҳаллий аҳолининг соғлиғига қандай таъсир ўтказган экан? Ўзимизнинг тегишли ташкилотлар бу бўйича бирор тадқиқот ёки ўрганишлар ўтказишганми? Қарши–Хонобод базаси атрофида яшовчи фуқаролар орасида охирги 15-20 йилда саратон касаллигига чалинганлар ва бундан вафот этганлар сони нечта? Биз ҳам ўрганишимиз керак, менимча», – деб ёзади ҳуқуқшунос ҳамда блогер Хушнуд Худойбердиев.

2001 йил 11 сентябрь фожиасидан кейин Афғонистон ҳудудида АҚШ бошчилигида террорга қарши кенг қамровли ҳарбий операциялар бошланди. Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида 2001 йил 7 октябрда имзоланган битимга кўра, Қарши–Хонобод аэродроми вақтинча Пентагон тасарруфига берилди. АҚШ мудофаа кучлари ҳарбий базадан Афғонистондаги операцияни қўллаб-қувватлаш, хусусан, қидирув-қутқарув ва гуманитар операциялар мақсадида фойдаланган.

Шу тариқа «К2» номи билан ҳам машҳур бўлган ҳарбий база 2001-2005 йиллар давомида Пентагон томонидан истифода этилди. 2005 йил июль ойида Ўзбекистон америкаликлар Қарши–Хонобод базасини олти ой давомида тарк этиши лозимлигини расман маълум қилди. 2005 йил 21 ноябрь куни АҚШга тегишли сўнгги самолёт Хонобод аэродромини тарк этди.

Эслатиб ўтамиз, Қаршидаги ҳарбий база сўнгги икки ой ичида иккинчи бор жаҳон матбуоти эътиборига тушмоқда. Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил ноябрь ойида АҚШ собиқ президенти Барак Обаманинг «A Promised Land» («Орзудаги замин») деб аталган китоби сотувга чиқди.

Рекорд даражада кўп ададда сотилаётган ушбу мемуарда ҳам Қарши–Хонобод базаси тилга олинган. Қайд этилишича, Б.Обама 2009 йили АҚШ президенти сифатида Россияга илк ташрифи пайти Владимир Путин билан учрашган. Россия етакчиси суҳбат асносида АҚШга Ўзбекистонда ҳарбий базани жойлаштириш бўйича ёрдам бергани, расмий Тошкентни Қўшма Штатлар ҳарбийларини қабул қилишга кўндиргани ҳақида сўзлаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)