21:30 / 23.01.2021
2 716

Тошкент давлат педагогика университети талабасида коронавирус аниқланди

Тошкент давлат педагогика университети талабасида коронавирус аниқланди
Тиббий ташхис натижаларига кўра 22 январь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ) рус тили ва адабиёти факультети талабасида COVID-19 касаллиги аниқланди. Бу ҳақда Олий таълим вазирлигига таяниб Repost маълум қилди.

Ушбу талаба билан мулоқот қилганлар ва факультет биносида бўлган барчага 14 кун давомида ўзини ўзи изоляция қилиш тавсия қилинди.
Мазкур чора таълим муассасаси биносининг 4-қаватидан фойдаланадиган рус тили ва адабиёти факультети, шунингдек, хорижий тиллар факультетига нисбатан жорий қилинган. Шу билан бирга, ушбу факультетларнинг анъанавий тарзда ўқишни бошлаган 2-курс талабалари икки ҳафта давомида масофадан туриб ўқишлари белгиланди.

«24 январдан бошлаб ҳар иккала факультетнинг 2, 3, 4-курс талабалари қишки сессиянинг якуний имтиҳонларини онлайн тарзда топширади. 1-курс талабалари икки ҳафтадан сўнг, 8-феврадан анъанавий тарзда ўқишга қайтади», – дея изоҳ берди Олий таълим вазирлиги.

Рус тили ва адабиёти, хорижий тиллар факультети биносининг барча чиқиш эшиклари ва ҳудудлари бутунлай изоляция қилинган. Ҳафта давомида тиббий-санитария тозалаш ишлари олиб борилади. Ушбу факультетларнинг ҳудуди тўлиқ ёпилган ва назорат остига олинган.

Қолган барча факультетларнинг талабалари ўқишни давом эттиришлари ва имтиҳонларни офлайн режимда топширишлари қайд этилган. Барча биноларнинг кириш ва чиқиш жойларига йўлаклар орқали ҳар бир факультет ва курс учун алоҳида маршрутлар асосида ўтиш мумкин ва улар махсус тиббий асбоб-ускуналар ҳамда санитария жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган.

«Университетда доимий равишда мутахассис ва шифокорларнинг махсус жамоаси ишламоқда. Ўқув бинолари ва талабалар турар жойларида фавқулодда вазиятлар учун изоляторлар ташкил қилинди ва етарли миқдордаги зарур дори-дармонлар сотиб олинди», – дейилади ТДПУ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги ОТМларда анъанавий таълим 11 январдан бошланган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент давлат педагогика университети талабасида коронавирус аниқланди