00:30 / 02.03.2021
2 469

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги ўзбекларга бўлган позицияси қандайлиги айтилди

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги ўзбекларга бўлган позицияси қандайлиги айтилди
Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев «Америка овози»га берган интервьюсида қўшни давлатдаги ўзбеклар ва Абдурашид Дўстум ҳақида Ўзбекистон позициясини маълум қилди, деб ёзмоқда UzNews.

Фото: Видеодан скрин
«Биринчи навбатда улар ўзбек диаспораси эмас. Улар миллати ўзбек бўлган афғон фуқаролари. Улар ўзларини афғон сифатида таништиришади ва бу тўғри гап. У ердаги ўзбеклар билан муносабатимиз афғон халқи билан бўлган муносабатларимизнинг бир қисми. Яъни ундан қанақадир бир фарқи йўқ. Биз уларга, аввало, афғонлар сифатида қараймиз. Расмий Кобулнинг ташвиши ҳақида гапирдингиз, мен ундай деб айтмасдим. Бу Кобулни безовта қилмайди. Нима учун? Чунки 2016 йилдан бери бизнинг Афғонистонга нисбатан сиёсатимиз очиқ-ойдин. Ҳеч қанақанги беркитилган махфий мақсадимиз йўқ», — деган Исматилла Эргашев.

У, шунингдек, Ўзбекистон генерал Абдурашид Дўстумни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди.

Фото: AP Photo
«Сизлар (АҚШ) энг кучли махсус хизматга эгасизлар. Наҳотки бирон марта сизлар кўргансизки, Ислом Каримов генерал Дўстумни қабул қилгани ёки қанақадир суҳбат қилганини. Бу бўлмаган. Дўстум Афғонистон президенти Ашраф Ғани каби ёки вазирлари каби Ўзбекистоннинг ҳамкори», — деган у ўз интервьюсида.

Исматилла Эргашевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва генерал Дўстум ўртасидаги бундай гап-сўзлар тарқалишига Афғонистон билан чегара доим очиқ бўлгани сабаб бўлган. Бу чегара орқали қўшни давлатдаги барча сиёсий давлат раҳбарлари ташқи дунёга кириб-чиқиб юрган.

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ўзбекистон «Толибон» гуруҳи олдига ўзаро муносабатларида айрим шартлар қўйганини ҳам айтиб ўтди.

«Албатта, қандайдир бир чизиқ бор. Бу чизиқ биринчи навбатда ‘Толибон’нинг қўшни мамлакатларга таҳдид қилмаслиги, ‘Толибон’ Афғонистон ҳудудида халқаро террорчи ташкилотларга ўрин (жой) бермаслиги ва уларни дастакламаслиги, уларга ёрдам бермаслиги — булар асосий», — деган у.

Махсус вакилнинг таъкидлашича, Шавкат Мирзиёев келганидан кейин қўшни давлат ҳукумати билан бирга у ердаги мухолифат кучлари, ички сиёсий партиялар, миллий-диний гуруҳлар билан мувозанатли муносабатлар ва ҳамкорлик ўрнатилган.

Маълумот учун, Абдурашид Дўстум асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлиб, Афғонистондаги энг машҳур ҳарбий қўмондонлардан бири. 2014 йил сентябридан буён Афғонистон вице-президенти бўлган, 2020 йилда у маршал унвонини олган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистоннинг Афғонистондаги ўзбекларга бўлган позицияси қандайлиги айтилди