12:15 / 13.03.2021
1 545

Марказий банк: 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқариш кўзда тутилмаган

Марказий банк: 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқариш кўзда тутилмаган
Ўзбекистонда яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқариш кўзда тутилмаган. Бу ҳақда Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, 1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилган ва уларнинг аксарият қисми узоқ вақт давомида муомалада бўлгани сабабли уриниб қолган.

Бунинг асосий сабабини ушбу пулларнинг бошқа йирикроқ номиналдаги банкнотларга нисбатан кўпроқ муомала жараёнига кириши, яъни қўлдан-қўлга ўтиши фаол бўлгани сабабли тез эскириши ҳамда шу ҳолатда, банкларга келиб тушмасдан аҳоли қўлида узоқ муддат қолиб кетиши билан изоҳлаш мумкин.

Бу қийматдаги банкнотлар ҳозирда ҳам босиб чиқарилмоқда ва талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага киритиб борилмоқда. Бироқ, бугунги кунда банкнотлар муомалага асосан банкоматлар орқали чиқарилаётгани ва банкоматлардан асосан йирик номиналдаги банкнотлар жойлаштирилиши сабабли 1000 сўмлик банкнотлар муомалада камайиб бораётгани ҳақиқат. Бу табиий жараён бўлиб, худди товарларга ўхшаб талаб камайса, банкнотлар ҳам муомаладан камайиб боради.

“Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?” деган савол туғилиши табиий. Бўлади. Лекин банкнотлар сиғими чеклангани сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади. Нақд пулларни бевосита банк кассаларидан олганда, зарур ҳолларда бир қисмини 1000 сўмлик банкнотлар сифатида олиниши мақсадга мувофиқ
”, дейди Марказий банк департаменти директори.

Унинг сўзларига кўра, Марказий банк доимий тарзда муомаладаги нақд пуллар қаторини оптималлаштириш, эскирганларини муомаладан қайтариб олиш ва уларнинг ўрнига янги банкнот ҳамда тангаларни муомалага киритиб бориш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларнинг муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган”, деди Фазлиддин Бозоров.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Марказий банк: 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқариш кўзда тутилмаган