00:48 / 17.04.2021
3 274

Хитой йигит билан саҳарлик ва ифтор қилдим...


Бугун тонгда ётоқхона ошхонасига кириб саҳарликка таом тайёрлаётган эдим. Соат тахминан 4 лар атрофи (саҳарлик 05:07 гача). Ётоқхона сув қуйгандек жим-жит. Бизнинг қаватда мендан бошқа рўза тутадиган мусулмон йўқлигини билганим учун бемалол ошхонада стол устига нарсаларни ёйиб, ишлаётгандим. Бир вақт секин эшик очилди. Қарасам бир хитой йигит қўлида овқати билан кириб келди.
- Ассалому алайкум.
- Ҳай.
Бориб микротўлқинли печда овқатини иситишга қўйди. Тўхта, менга «Ассалому алайкум» дедими? Мен эса унга «Ҳай» дедим, нима у мусулмонми? Ўзим билан ўзим гаплашаётган жойимда у гап бошлаб қолди.
- Саҳарликка тайёргарликми?
- Шундай.
- Кечирасан, бу ердаги масжид қаердалигини биласанми?
- Албатта, биламан, вичат илованг борми?
- Ҳа бор.
- Унда сенга масжиднинг манзилини ташлаб бераман.
- Йў-ўқ, мен масжиднинг қаердалигини ўзим биламан. Мен сени кечга масжидга таклиф қилмоқчи эдим
- Зўр-ку, албатта.
- Бу мевалар сенга.
- Катта раҳмат.
- Исминг нима? Қаерликсан?
- Исмим Бахтиёр, агар бу талаффузга қийинчилик туғдирса, хитойча исмим билан чақиришинг мумкин. Бажиа. Ўзбекистонданман.
- Менинг исмим Аҳмед. Хитойча исмим Зҳижиан Ли. Аҳмед ёки Ли деб чақиришинг мумкин. 
- Яхши, менга Аҳмед қулай.
- Майли, унда кечки пайт хабарлашамиз.

Суҳбат жуда тез ва қисқа вақтда бўлиб ўтганидан нималар бўлганини англай олмадим. Тўғри, Хитойда мусулмонлар анчагина, уларнинг умумий сони Ўзбекистондаги мусулмонлардан ҳам кўплиги аниқ. Лекин улар асосан уйғур, дунган миллатига мансуб бўларди. Хан миллатига мансуб мусулмон хитойни илгари кўрмаганим учун бу ҳолат мени бироз ҳайратга туширган эди.

Кечки пайт, ифторга яқин хабарлашдик. Масжидга йўлга тушадиган бўлдик. Аёли дарсда экан, чиқса, хабар бераман деди. Вақт роса шомга тақалиб қолгани учун уйда оғзимни очдиму, шомни ўқиб олдим. Хабар келди. Ётоқхонанинг биринчи қаватида кўришдик. Машина чақириб қўйган экан, бирга масжидга йўл олдик. Йўл-йўлакай гаплашиб кетдик. Хотининг исми Алия экан, у ҳам хитойлик. Лекин мусулмон эмас, адашмасам католик деди. Ундан қачон мусулмон бўлдинг, деб сўрасам, мен мусулмон бўлиб туғилганман, деди. Унинг ҳар бир гапи мени ҳайратга соларди. Йўл-йўлакай Қуръон, араб тили, намоз ҳақида суҳбатлашиб кетдик. Икки гапнинг бирида "Машааллоҳ" деб қўяди. Эр-хотин инглиз тилини ҳам зўр билар экан.

Масжидга пандемиядан аввал жумага борар эдик. Пандемия бошланиб, масжид ҳам ёпилди. Яқинда очилди, деб эшитгандим, лекин ҳали бирор марта бормагандим. Масжидга борганимизда, ичкарида 10-15 чоғлик одам. 5-6 та эркаклар ва қолганлари аёллар. Ерга учта жойга дастурхон тўшалган ва ифторлик қилишмоқда. Бизни кўриб масжид имоми хурсанд бўлиб келинглар, келинг, деб кутиб олди. Чет элликлардан битта мен, холос, қолганлар хитойликлар. Биргаликда ифторлик қилдик.  

Кейин эркаклар олд тарафда, аёллар орқада хуфтон ва таровеҳ ўқидик. Масжидда таровеҳ ўқимаганимга ҳам икки йилдан ошибди. Қалбим қандайдир ўзгача сурурга тўлди. Намоздан сўнг яна уччовимиз ётоқхонага қайтдик. Қайтишда йигит мендан пиццани қаердан олганимни сўради. Эрталаб у ошхонага кирган вақтда мен пиццани эндигина печга қўяётган эдим. Ўзим тайёрладим десам, ҳаммасиними дейди, ҳа дедим. Менимча, унга овқат қила олишим буткул ҳайратланарли туюлди (Хитойда ёшлар одатда уйда овқат қилишмайди, ошхонадан тайёрини буюртма қилишади). Унда бирор куни вақтинг бўлганда менга ҳам ўргат деди. Майли, бирор куни бирга тайёрлаб ифторлик қиламиз, деб хайрлашдим.
Бугун хитойликларнинг мен учун бошқа бир қиррасини кашф қилган эдим. Демак, ҳали Хитойда мен билмаган кўп нарсалар бор...
Бахтиёр Шералиев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хитой йигит билан саҳарлик ва ифтор қилдим...