07:33 / 26.04.2021
1 105

«Баъзи прокуратура ходимлари ишни хоҳласа, жиноятга, хоҳласа, адолатга буриб юборади» — депутат Қизилгул Қосимова

«Баъзи прокуратура ходимлари ишни хоҳласа, жиноятга, хоҳласа, адолатга буриб юборади» — депутат Қизилгул Қосимова

Фото: ХДП матбуот хизмати
Тошкент вилоятида мактаб директори бўлган аёл 173 миллион сўмни талон-торож қилганликда гумонланиб, жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова унга нисбатан айбсизлик презумцияси бузилган, деб ҳисоблашини маълум қилди.

«Тажрибадан маълум, пул ўзлаштиришда ёки бошқа турдаги жиноят қилинишида гумонланиш ҳақидаги хабар тарқалдими, демак, бу хабарни ўқиган ҳар қандай одамда бу гумонланувчи жиноятчи эканлиги аниқ, деган хулоса юзага келиши муқаррар. Чунки доимо биринчи эшитилган, ўқилган хабар инсон онгида сақланиб қолади», — дейди депутат.

Унинг таъкидлашича, аслида республикада гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

«Лекин нима сабабдан ушбу ҳолатда туман прокуратураси ва хабарни тарқатган ОАВ вакиллари айбсизлик презумциясига оид тартиб-қоидага амал қилишмади? Очиғини айтсам, ўзим ҳам кўп йиллик раҳбарлик фаолиятим мобайнида шунга ўхшаш ҳолатларга тушганман. Биласизми, баъзи прокуратура ходимлари ишни хоҳласа, жиноятга, хоҳласа, адолатга буриб юборади, тақдирини белгилаб қўяди, гўё. Бу билан ҳамма жойда тизим вакиллари шундай ишлайди дейишдан йироқман. Албатта, тизим ходимлари орасида адолат, касбига масъулият билан ёндашаётганлар кўпчиликни ташкил этади», — деган Қизилгул Қосимова.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг қайд этишича, агар прокуратура ходимлари тергов-суриштирув жараёнларида тоталитар режимдан қолган қоғозбозликка муккасидан кетиб, қарор қабул қилса, фуқароларнинг қонун ҳимоячиларига, қолаверса, давлатга ишончига путур етиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, 20 йил ўқитувчи, 8 йилдан буён мактаб директори лавозимида ишлаган С.Ҳ. ўзи томонидан амалга оширилган ишларнинг хат-ҳужжатини расмийлаштириш, уларни рисоладагидек юритишга етарлича эътибор қаратмаган, бу борада унда малака, тажриба етишмаган бўлиши мумкин.

«Зиёлилар, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган Халқ демократик партиясидан сайланган депутат сифатида айтадиганим шуки, С.Ҳ. иши ва тақдири билан боғлиқ воқеалар тафсилотига томошабин бўлиб қараб турмаслигимиз керак. Партиямиз ўқитувчи ва педагогларнинг ўқувчиларга таълим-тарбия беришдек хайрли фаолиятига асоссиз аралашувларни қоралайди.

Биз ҳар қандай ҳолатда қонун устуворлиги таъминланиши тарафдоримиз. Қонунни бузган, ўз фаолиятида қонунни четлаб ўтишга интилган ҳар кимга тегишли жазо чораси қўлланилиши лозим. Лекин қонун ҳимоячилари ҳам қонунда белгиланган тарзда хатти-ҳаракат қилиши лозим, айни ҳолатда аёл кишига нисбатан айбсизлик презумцияси бузилган, деб ҳисоблайман
», — деган Қизилгул Қосимова.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Баъзи прокуратура ходимлари ишни хоҳласа, жиноятга, хоҳласа, адолатга буриб юборади» — депутат Қизилгул Қосимова