11:58 / 27.04.2021
981

Жамоат хавфсизлигини таъминлашда профилатика инспекторининг роли қандай?

Жамоат хавфсизлигини таъминлашда профилатика инспекторининг роли қандай?

Бугунги кунда профилактика инспекторларининг асосий вазифаси фақат содир этилган жиноятларни ҳисобга олиш, уларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ҳуқуқбузарликлариннг сабаб ва омилларини чуқур таҳлил қилиш асосида уларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чораларни ўз ҳудудида амалга оширишдан иборат
Ш.М.Мирзиёев
 Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини жиноятчиликка қарши курашишнинг бош йўналишига айлантириш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш бўйича пухта ўйланган ва изчил ҳаракатларни давом эттириш зарурати ошиб бормоқда.

Жаҳонда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишнинг таъсирчан тизимини яратиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларга қонунга ҳурмат ва қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик муносабатини сингдириш, профилактик ишларни мувофиқлаштириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш бўйича қонунчилик нормалари ва уларни қўллаш амалиёти билан боғлиқ муаммоларнинг илмий ечимини топиш долзарб ҳисобланади. 

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш тизимини такомиллаштириш истиқболларини тадқиқ этиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган давр мобайнида республикамизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу борадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи яхлит норматив-ҳуқуқий база шаклланди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг самарали фаолияти натижасида мамлакатда ҳуқуқ-тартибот мустаҳкамланиб, криминоген вазият сезиларли даражада яхшиланди. Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини ташкил этиш услубларини тубдан ўзгартириш, қонун бузилиши ҳолатларини фош этиш ва чоралар кўриш эмас, балки мазкур ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикасини таъминлашни, ушбу идораларнинг энг асосий вазифасига айлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактикаси чора-тадбирларининг самарали тизимини жорий этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги кунда профилактик чора тадбирларин амалга оширишда профилактика инспекторларининг роли кенгайиб, улар маьмурий ҳудудда маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари билан биргаликда, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадонга бирма-бир кириб, фуқароларнинг   ижтимоий аҳволини ўрганиш, таклиф ва тавсияларини беришлари муҳим масалалардан бири ҳисобланиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6196-сонли Фармони қабул қилинган бўлиб, ушбу фармонда ички ишлар органлари тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган нормалар ўз аксини топганлигини кўриишмиз мумкин.

Шунингдек, ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари босқичма-босқич ташкил этилиши, бунда:
- маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ҳудуддаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий қуйи бўғини ҳисобланиши;
- маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани негизида ҳудуддаги ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия ва бошқа давлат органларининг мувофиқлаштирилган фаолияти ташкил этилиши;
- маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазифаси профилактика инспекторига юкланиши белгилаб қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Профилактика инспекторлари фаолияти тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди, тизим ходимларига янги вазифалар юклатилди ва хизмат олиб бориш учун тегишли шарт-шароитлар яратилмоқда.
 
Дилфуза Абдуллаева
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган 
филиали Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири 


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Жамоат хавфсизлигини таъминлашда профилатика инспекторининг роли қандай?