09:53 / 12.06.2021
1 990

Сенат: Uzbekistan Airways авиачипталари бошқа авиакомпанияларникига нисбатан 148 фоизгача қиммат


Сенаторлар авиачипталар нархининг қимматлиги бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров юборгани ҳақида хабар берилганди. Сенатор сўровига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Uzbekistan Airways акциядорлик жамиятининг авиачипталар ва авиаташиш хизматлари ҳолати ўрганилди, дея хабар қилмоқда Сенат матбуот хизмати.

Ўрганиш натижаларига кўра, авиакассаларда Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти томонидан маҳаллий ва халқаро йўналишларда мавжуд барча тарифлар ҳақидаги маълумотлар истеъмолчиларга тўлиқ етказилмаган.

Шунингдек, Uzbekistan Airways томонидан Тошкент–Москва бир томонлама йўналишда чипталар «багажсиз эконом» синфида 131 евродан 211 еврогача, эконом синфида 145 евродан 335 еврогача, бизнес синфида 642 евродан 862 еврогача белгиланган бўлса-да, авиакомпания томонидан арзон нархлардаги авиачипталар сотувга чиқарилмаган.

Бундан ташқари, ўрганишлар давомида Uzbekistan Airways АЖ томонидан маҳаллий йўналишлар учун белгиланган нархлар бошқа давлатлардаги нархлардан қимматлиги, хусусан, Uzbekistan Airways АЖ томонидан белгиланган нархлар хорижий авиакомпанияларнинг нархларидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори эканлиги маълум бўлди.

Тошкент–Урганч (учиш вақти 1 соат 15 дақиқа) йўналиш бўйича «багажсиз эконом» синфидаги чипта нархи ўртача 41 евро этиб белгиланган. Худди шу хизмат Россияда (Санкт-Петербург–Москва йўналиши – 1 соат 30 дақиқа) ўртача 27 еврони ташкил этади.

Бундан кўриш мумкинки, Uzbekistan Airways томонидан парвоз учун белгиланган нарх 56 фоизга қиммат. Uzbekistan Airways’нинг ушбу йўналиш бўйича эконом синфидаги авиачипта нархи Қозоғистондаги авиакомпаниядаги нархлардан 40 фоизга, Туркиядаги авиакомпания нархларидан эса 146 фоиз қиммат эканлиги аниқланди.

Шунингдек, Туркиядаги ички йўналишлари бўйича эконом синфидаги тарифлар Ўзбекистонда қўлланилаётган ички «багажсиз эконом» тарифларидан ўртача 42 фоизга арзон эканлиги аниқланди.

«Бу каби авиаташиш хизматлари бозорида қиммат нархларни ушлаб туриш сабабларидан бири рақобат муҳити ривожланмаганлиги дейиш мумкин. Чунки авиакомпаниялар сони қанчалик кам бўлса, истеъмолчиларга билдириладиган таклифлар кўлами камайиб, истеъмолчиларда авиачипталарга бўлган талаб (эҳтиёж) ортади. Табиийки бунинг натижасида эркин рақобат муҳити бузилишига олиб келади. Бу эса бозор иқтисодиётидаги талаб ва таклиф қонуниятини бузади.

Мисол сифатида, Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича ҳафтасига 7 марта мунтазам рейслар мавжудлигига қарамай фақат 2 та авиаташувчи (Uzbekistan Airways ва Air Astana), Тошкент–Москва йўналишида ҳам 2 та авиакомпания (Uzbekistan Airways ва «Аэрофлот») тўғридан-тўғри парвозларни амалга оширишини айтиб ўтишимиз мумкин.

Шунингдек, мазкур йўналишларда рақобатнинг ривожланмаганлиги, авиаташувчи компаниялар ўртасида келишиб қилинадиган ҳаракатларни содир этишга замин яратади», – дейилади Сенат ахборотида.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси юқоридаги муаммоларни бартараф этиш ва келгусида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлигига бир қатор таклифлар юборди. Билдирилган таклифларнинг ижро этилиши Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан назоратга олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенат: Uzbekistan Airways авиачипталари бошқа авиакомпанияларникига нисбатан 148 фоизгача қиммат