13:20 / 01.07.2021
1 125

Лойиҳа: Давлат амалдорларига бизнес билан шуғулланиш қатъиян тақиқланади

Лойиҳа: Давлат амалдорларига бизнес билан шуғулланиш қатъиян тақиқланади

Ўзбекистонда давлат харидлари ва манфаатлар тўқнашувига оид янги нормалар қонунчиликка киритилиши кутилмоқда.
Бу – 23 июнь куни эълон қилинган президент фармони ва қарори лойиҳаларида кўзда тутилган. Унга кўра, 2022 йил 1 январга қадар “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Худди шу муддатда ҳукуматга киритиладиган бошқа бир қонун лойиҳасида эса давлат харидлари, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилади.
2021 йил 1 октябрга қадар, қуйидагиларга оид таклифлар Вазирлар Маҳкамасига юборилади:
  • тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимлари рўйхати;
  • коррупцияга, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш;
  • давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишини чеклаш.
Давлат харидлари порталида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш бўйича қуйидаги маълумотларни қайта ишловчи автоматлаштирилган тизимни ишга тушириш мўлжалланмоқда:
  • қатнашчининг давлат харидларидаги иштироки тарихи (маҳсулот, хизмат етказиб берувчининг илгари иштирок этган танловлари, бажарган ишлари);
  • қатнашчининг бенефициарлари ҳақидаги маълумотлар;
  • буюртмачи ва иштирокчи ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликлар (қариндошлик, бирга таълим олганлик, меҳнат фаолияти ёки бизнес алоқалари ва бошқалар ҳақидаги маълумотлар).
Автоматлаштирилган тизим орқали манфаатлар тўқнашуви аниқланган ҳолларда, харид жараёнига даъвогарнинг иштироки автоматик чекланиши мумкин.
Ўзбекистонда бенефициарлар реестрини юритиш ҳам мўлжалланмоқда. Бу борадаги таклифлар 2021 йил 1 ноябргача ҳукуматга киритилади.

Бундан ташқари, давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали маълумотлари асосида давлат харидлари мониторингини юритиш ва унинг натижалари бўйича ҳар ойлик маълумотларни кейинги ойнинг 15-санасига қадар расмий веб-сайтда эълон қилиб бориш режалаштирилмоқда.

Эълон қилиб бориладиган ҳар ойлик маълумотларни батафсил ўрганган ҳолда, кейинги ойнинг 30-санасига қадар манфаатлар тўқнашуви ёки коррупция аломатлари мавжудлиги бўйича хулоса ҳам веб-сайтларга жойлаштирилиши мумкин.
Фармон лойиҳасида белгиланган таърифга кўра, манфаатлар тўқнашуви деганда “қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган лавозимни эгаллаб турган шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаати мансаб (хизмат) мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар” тушунилади.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлар ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўрмаганларга жавобгарлик белгиланади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилади.

2021 йил 1 авгyстдан бошлаб, давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлов)ларнинг натижалари мажбурий тарзда очиқ эълон қилиниши мумкин.

Давлат харидлари доирасида тузиладиган шартномаларда акс эттирилиши лозим бўлган коррупцияга қарши шартлар ишлаб чиқилади, тендер (танлов) шаклида ўтказиладиган давлат харидларида ҳамкорларни текшириш тартиби белгиланади.

Давлат харидлари порталида шикоятларни электрон юбориш мумкин бўлади. Уларни Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия кўриб чиқади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Лойиҳа: Давлат амалдорларига бизнес билан шуғулланиш қатъиян тақиқланади