19:13 / 09.07.2021
1 834

Бу бизнинг фикримиз эди, сизники қандай?..

Бу бизнинг фикримиз эди, сизники қандай?..

Ҳар бир янги қадам мамнуният билан қарши олинади
Охирги йилларда мамлакатимизда «электрон ҳукумат»нинг ривожланиши яққолроқ кўзга ташланиб, у нафақат давлат ташкилотлари, балки аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳам ишонч нуқтасига айланиб бормоқда. Шу қисқа давр ичида соҳада амалга оширилган ишлар, турли йирик лойиҳалар, ўтказилган тадбирлар ҳамда инновацион ечимлар бугунга келиб ўз самарасини бера бошлади.

Жумладан, давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги қоғоз-ҳужжатлар билан боғлиқ ишлар босқичма-босқич электронлашиб, натижада вақт ва ҳаражатлар сарфи кескин камайди. Турли манфаатли келишувларда инсон омилининг чекланиши ҳисобига эса коррупцион ҳолатлар ҳамда бюрократик тўсиқларга барҳам берилмоқда. Мамлакат тараққиётида энг катта тўсиқ саналган ушбу иллатларга қарши курашишда электрон ҳукуматнинг ўрни катта ва ҳозирги натижалар саъй-ҳаракатларнинг бесамар кетмаётганидан далолатдир.

Такомиллашиб бораётган Ягона портал
Электрон ҳукумат инфратузилмасининг муҳим ташкилий қисми ҳисобланган Ягона интерактив давлат хизматлари портали давлат хизматларидан электрон фойдаланишнинг ягона нуқтасидир. Порталга куннинг исталган вақтида суткасига 24 соат давомида кириш мумкин. Соҳа мутахассислари аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида янги хизматлар устида тинимсиз изланмоқда. Бугунги кунда портал орқали аҳолига 260 дан зиёд электрон хизматлар кўрсатиб келиняпти.

Шундан 190 таси айнан тадбиркорлик субъектларига мўлжалланган. Портал орқали жорий йил бошидан бери 2 миллиондан ортиқ аризалар қабул қилинган.

Аҳолининг кенг қатлами ва ёшлар эҳтиёжини ҳисобга олиб, электрон давлат хизматларининг мобил иловаси ҳам яратилган. Ҳозирги кунда ундан 35та хизмат ўрин олган.

Шунингдек, Ягона портал платформасидан фойдаланган ҳолда вилоят ва туманлар, шунингдек, чекка ҳудудлардаги 500 дан ортиқ почта объектларида 17 турдаги электрон ҳукумат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Шуни билдикки, энди биз Электрон ҳукумат туфайли давлат ташкилотлари эшиги ёнида сарғаймаймиз, бир талай қоғозларни кўтариб, навбатларда турмаймиз, ҳужжат ишларини ҳатто уйдан чиқмаган ҳолда битирамиз. Бунинг учун биргина компьютер тугмаси ёки смартфон устида бармоқларимизни юргизсак кифоя.

Ҳаммаси ўзгариб кетибди
– Яқинда квартирамизни сотувга қўйиб, керакли ҳужжатларни тўплаш учун аввал солиққа, кейин «БТИ»га борадиган бўлдим. Олди-сотти шартномаси билан боғлиқ ҳужжатли келишувларга 10 йил олдин ишим тушганди. Лекин бугунга келиб ҳаммаси ўзгариб кетибди, – дейди тиббиёт ходими Шоира Қобилова. – Олдинлари уй сотган одам маҳалладан, коммунал хизматлардан, солиқдан қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотномалар йиғиш учун ҳар бир тегишли ташкилотга боришга мажбур эди. Газ, электр, иссиқ сувдаги навбатлардан ҳолдан тойиб, зўрға бириктирилган ходимга учрасанг,  тўловлар билан боғлиқ чалкашлик ва тушунмовчиликлардан асабларинг «қайнарди». Бу томонини битиргандан кейин «БТИ»га, паспорт столига қайта-қайта қатнашга тўғри келарди. Агар танишингиз бўлмаса, ўзлари қилган хато жабрини сиз кўриб, 2-3 ҳафта югурардингиз. 

Охири ҳамма ҳужжатларни йиғиб, яна навбат кутиб, нотариусга кирсангиз, ҳужжатлардаги камчиликлар рўйхати қўлингизга тутқазилиб, эшикма-эшик сарсон бўлишлар давом этарди. Хуллас, салкам бир ой уй сотиш муаммоси билан олишардик…

Бу сафар биринчи борган ташкилотимнинг ўзидаёқ деярли ҳамма ишим битди. Хушмуомала ходима қиз компьютер орқали ҳеч қандай қарздорлигим йўқлигини билиб берди. Кейин «Агар уйингизда интернетга уланган компьютер ёки ноутбук бўлса, Ягона портал орқали буни ўзингиз ҳам билиб олишингиз мумкин», деди ва кичкина қоғозчага my.gov.uz манзилини ёзиб, жилмайганча қўлимга тутқазди.

Ўшандан бери Ягона портал менинг энг яқин ёрдамчим. Барча ҳужжатли ишларимни у орқали осон ва қулай битираман. Шу кунларда ўзим ва хўжайнимнинг иш ҳақи, қайнонамнинг пенсияси тўғрисидаги маълумотларни олиш, абитуриент ўғлимнинг ҳужжатларини онлайн расмийлаштириш, невараларимни боғчага рўйхатга қўйиш каби электрон давлат хизматларидан уйдан чиқмаган ҳолда фойдаландим…

100 млн.дан ортиқ ахборот алмашинуви
Электрон ҳукуматнинг такомиллаштирилган Идоралараро интеграция платформаси орқали бугунги кунда 120 дан ортиқ давлат органларининг ахборот тизимлари ва хизматлари ўртасида ойига ўртача 100 миллиондан зиёд ахборот алмашинуви амалга оширилмоқда. Ушбу кўрсаткичлар 2020 йилга кўра, 2 баравар, 2019 йилга нисбатан эса 7 баравар кўпдир.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри», Электрон солиқ хизматлари портали (my.soliq.uz), «Рақамли божхона», «Тез тиббий ёрдам», «Электрон кундалик», Маъмурий ҳуқуқбузарликлар (E-ma’muriy ish), E-XSUD, «Шаффоф қурилиш» ахборот тизимлари, Олий суднинг Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) каби бир қатор йирик лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилиши мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш йўлидаги изчил чора-тадбирлар натижасидир. 

Мазкур лойиҳаларнинг барчаси инсон омили иштирокини камайтириб, коррупцияни йўқотишга, адолат ва шаффофликни таъминлашга ёрдам беради.

Ишимизга катта енгиллик берди
– Янги ишга туширилган «Е-ma’muriy ish» ягона ахборот тизими нафақат Ички ишлар ходимлари, балки фуқароларга ҳам катта енгиллик бериши шубҳасиз, – дейди масъул ходимлардан бири. – Энди бу тизим ёрдамида маъмурий ҳуқуқбузарликларни қайд этишдан тортиб, то суд қароригача бўлган жараёнларни электрон тарзда амалга ошириш мумкин бўлади. Ҳатто маъмурий ишни судда кўриб чиқиш ҳам ҳуқуқбузарнинг суд биносига бориб ўтирмай, ўз маҳалласидаги профилактика инспектори хонасидан туриб бажариш имконини беради. Бу эса қоғозбозлик, ортиқча сарф-харажат, узоқ масофани босиб ўтиш ва беҳуда вақт йўқотилишининг олдини олади. Яна ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг узвий боғлиқлигини ҳам таъминлайди. 

Расмийлаштирилган ҳужжатлар электрон ҳолатда сақланади ва уларнинг йўқолиш хавфи камаяди. Энг асосийси, фуқаролар ўзларига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар ҳолатини тўлиқ назорат қилиб бориши мумкин. Чақирувлар эса аввалгидек хонадонма-хонадон юриб эмас, балки почта ёки CMC хабарнома орқали юборилади.

Id.gov.uz – ягона «калит»
Электрон ҳукуматда кўплаб марказлашган ахборот тизимлари мавжуд. Улардан бири Ягона идентификация тизими, яъни ONE ID ҳисобланади. Бу вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва давлат хизматларига кириш учун ягона «калити»дир. Тизимда 1 миллиондан зиёд фойдаланувчилар рўйхатдан ўтган. Шунингдек, унга 70дан ортиқ ахборот тизимлари интеграция қилинган.
Фойдаланувчиларнинг рўйхатдан ўтишини соддалаштириш мақсадида 2021 йилда тизимнинг имкониятлари кенгайган, технологияси, архитектураси, тезлиги ўзгарган ва нисбатан хавфсизроқ бўлган талқини ишга туширилди. Бугунги кунда Ягона идентификация тизими қуйидаги қулайлик ва имкониятларни тақдим этмоқда:
  • Электрон ҳукуматнинг барча тизимларидан фойдаланиш учун ҳар биридан алоҳида рўйхатдан ўтишга ҳожат йўқ. ONE ID биргина логин ва пароль ёки электрон рақамли имзо орқали барча ахборот тизимларидан эркин фойдаланиш имкониятини яратади;
  • ONE ID фойдаланувчи ҳақида асл маълумот (исм, фамилия, манзил ва ҳоказолар)ни тақдим этади. Яъни фойдаланувчи ўзининг номаълум кимса эмас, балки аниқ жисмоний ёки юридик шахс эканини тушунади;
  • ONE ID фойдаланувчи идентификаторини электрон ҳукуматнинг ҳар бир тизимига узатади. Масалан, битта тизим бошқасидан фойдаланувчи ҳақидаги ҳар қандай маълумотни автоматик тарзда қабул қилиши мумкин.
Буни уддалаганимдан роса қувондим
– Яқин-яқингача Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхатдан ўтолмаганим учун оддий бир маълумотнома ёки боламнинг боғчага навбати ҳолатини текшириш учун ҳам алоҳида вақт ажратиб, Давлат хизматлари агентлигига борардим, – дейди уй бекаси Мухлиса Аюпова. – Охирги сафар 1-синфга чиқадиган ўғлимнинг ҳужжатларини расмийлаштиришга борганимда эса ҳам иссиқ ҳаво, ҳам навбат катталиги сабаб жуда хафсалам пир бўлди. Уйга келдимда компьютерни ёқиб, онлайн рўйхатдан ўтдим. Буни уддалаганимдан роса қувондим. Жараён мен ўйлаганчалик қийин ҳам эмас экан. Эндиликда электрон давлат хизматларидан ҳам уйдан чиқмаган ҳолда истаган пайтимда фойдаланишим мумкинлигини тушуниб етдим.  

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун ўқимишли, дунёқараши кенг, замон билан ҳамнафас фуқароларимиз «электрон ҳукумат»ни кенг жорий этишга тайёр. Улар ҳар бир янги қадамни мамнуният билан қарши олишади. Чунки расмий шахсларнинг қабул кунини кутиб, ҳар бирининг эшиги ёнида навбатда тургандан кўра, ишни давлат билан тўғридан-тўғри алоқада бўлган «электрон ҳукумат» (интернет) орқали битирган маъқул…

Бироқ мамлакатни тўлиқ ахборотлаштириш билан боғлиқ муаммолар кўлами кенглигини инобатга олсак, электрон шаклдаги давлат хизматларининг яқин истиқболига ҳали кўпчилик ишончсизлик билдириши шубҳасиз.
Лекин дунё тажрибаси шуни кўрсатдики, электрон ҳукумат бу – қулайликлар, шаффофлик ва адолат манзилидир. Шундай экан, ушбу имкониятдан ўринли фойдаланайлик!

Бу бизнинг фикримиз эди, сизники қандай?..

Шоҳида Исроилова
Манба: e-gov.uz


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Бу бизнинг фикримиз эди, сизники қандай?..