18:04 / 15.07.2021
2 535

Халқаро конференция сабаб Тошкент маркази вертолётдан назорат қилинмоқда


Фото: «Новости Tashkentского неба»
Тошкентда бугун, 15 июль куни «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция бошланади. Унда 400 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда. Шу муносабат билан халқаро конференция ўтказиладиган Tashkent City мажмуаси атрофидаги ҳудуд ҳаракатланиш учун ёпилган, айрим автобус йўналишлари ўзгартирилди.

Telegram’даги TashkentLand каналининг ёзишича, бошқа кўчалар ҳам, хусусан, Нукус кўчаси вақтинчалик ёпилади. Хавфсизлик чоралари сифатида 15 июль эрта тонгдан халқаро конференция ўтказиладиган ҳудуд вертолёт орқали назорат қилинмоқда.

«Новости Tashkentского неба» каналининг ёзишича, пойтахт узра ҳаво майдонини Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий-ҳаво кучларининг Ҳ-215М СуперPuma кўп функцияли вертолётлари қўриқламоқда.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилганидек, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

«Ушбу конференция, шубҳасиз, жорий ҳафтанинг энг муҳим тадбири бўлади. Аввал қайд этилганидек, Афғонистон ва Покистон президентлари, шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррел, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортиқ», — деган Асадов.

Пойтахтдаги ушбу халқаро конференция 2 кун — 15–16 июль кунлари бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Халқаро конференция сабаб Тошкент маркази вертолётдан назорат қилинмоқда