22:23 / 17.07.2021
3 062

Ўзбекистонда аҳолини мажбурий эмлаш қонунга зид экани айтилди


Ўзбекистонда коронавирусга қарши мажбурий эмлашни жорий этиш қонунларга зид ва бунинг учун бир қанча ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш керак. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов маълум қилди.

Қайд этилишича, Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистонда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар кенг муҳокама қилинган.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири А. Ҳожибоев ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б. Юсупалиевнинг ахбороти эшитилди.

Мажлисда депутатлар охирги вақтларда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам яна кўпая бошлагани хавотирга сабаб бўлаётганини таъкидлади. Айниқса аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш масаласи қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Айрим депутатлар эмлаш тадбирларини мажбурий тартибда амалга ошириш зарурлигини таъкидлашди. Баъзилари эса, бунинг аксини айтди.

Муҳокамалар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов қуйидагиларни таъкидлади: «Аввало, ушбу масала, яъни аҳолини коронавирус инфекциясига қарши «мажбурий эмлаш»ни жорий қилиш, ялпи йиғилиш кун тартибига қўйилмаган. Аксинча, эмлаш ишларини ташкилий жиҳатдан тўғри ва самарали йўлга қўйиш, бу борада фуқароларнинг хавфсизлигини кенгроқ таъминлаш биринчи галдаги вазифа эканидан келиб чиқиб, вакцинация ишларини муҳокама қилиш, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсад қилиб олинган.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айни пайтда мамлакатда амалда бўлган «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунда фуқаронинг ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шарти экани белгилаб қўйилмаган. Шунингдек, фуқаро ва унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга деган талаб қатъий мустаҳкамлаб қўйилган.

Худди шу каби нормалар бошқа бир қатор қонунларда ҳам мавжудлиги эмлаш тадбирларини мажбурий тарзда амалга ошириш мумкин эмаслигини кўрсатади. Яъни, эмлаш тадбирларини мажбурий амалга ошириш учун аввало, бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларга белгиланган тартибда ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш талаб этилади», – дейди Нурдинжон Исмоилов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда аҳолини мажбурий эмлаш қонунга зид экани айтилди