00:58 / 02.08.2021
2 386

Фарғонада Тожикистондан қарийб 2 кг гашиш олиб ўтган шахс ва унинг шериги ушланди


Фото: ДХХ матбуот хизмати
Тожикистоннинг Сўғд вилояти Конибодом туманида яшовчи 43 ёшли шахс 1,914 килограмм гашиш гиёҳвандлик моддасини контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтгани аниқланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизматига таяниб, ЎзА хабар берди.

Ушбу шахс Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи шериги 30 ёшли маҳаллий фуқаронинг автомашинасида Учкўприк тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.
Таъкидланишича, Тожикистон фуқароси муқаддам қотилликда айбланиб судланган бўлса, унинг фарғоналик шериги эса муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган.

Шунингдек, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Спитамен туманида яшовчи 47 ёшли фуқаро номаълум шахслар томонидан Тошкент вилоятининг Бекобод тумани ҳудудига ўтказилган ва хуфиёна жойга беркитиб қўйилган 963 грамм гашиш моддасини олгани аниқланган. У Наманган вилояти Норин туманида истиқомат қилувчи 41 ёшли жиноий шериги билан маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинада водий томон йўлга чиққан.

Улар Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган «Наманган» ЙПХ масканида ДХХ ва Божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳрида яшовчи 51 ёшли, муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган шахс эса яна бир бор шу каби жиноятга қўл урди.

У 1983 йилда туғилган маҳаллий фуқародан 787 грамм героин гиёҳванд моддасини 12 минг АҚШ долларига сотиб олиб, унинг автомашинасида туман маркази томон ҳаракатланаётган вақтида ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ИИБ ва Божхона бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Наманган вилоятида кузатилган ҳолатларнинг бирида Заркент—Наманган йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Damas»русумли автомашина тўхтатилган.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Янгиқўрғон туманида яшовчи, муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган 29 ёшли шахснинг ёнида 420 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у Қирғизистондан олиб ўтган ушбу гиёҳвандлик моддасини Наманган шаҳрида яшовчи 33 ёшли шахсга бериши кераклиги маълум бўлиб, у ҳам тадбир доирасида ушланган.

Шунингдек, Наманган—Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Spark русумли автомашина Поп тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи 30 ёшли фуқаро тегишли юмшоқ ўйинчоқ ичига яширилган 205 грамм гашиш моддаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у Қирғизистондан контрабанда йўли билан ўтказилган ушбу наркотик моддани Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи 34 ёшли фуқародан олгани маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада Тожикистондан қарийб 2 кг гашиш олиб ўтган шахс ва унинг шериги ушланди