Блогер, фотомодель ва актриса Хонзода Қамбарова «Фитна», «Саодат» каби сериаллардаги роллари ва клиплардаги иштироки билан томошабинларга яхши таниш. Instagram’да эса уни бир миллиондан ортиқ кузатувчиси бор. «Дарё» мухбири Наргизахон Муродова Ханна тахаллуси билан танилган актриса билан интервью ташкиллаштирди. Суҳбат давомида Хонзода ҳаётидаги низоли вазиятлар, Instagram’дан даромади ва турмуш ўртоғи билан муносабатлари ёмонлашгани ҳақида гапирди.
«Мен туғилганимда дадам касодга учраган»
Фото: Instagram / @xanna_official
— Ҳаёт инсонни тарбиялаш билан бирга феъл-атворига ҳам ўз таъсирини ўтказар экан. Болалигимда уятчан, ювошгина қиз бўлганман. Афсуски, оиламиздаги моддий қийинчиликлар сабаб, болалик гаштини ҳам ҳис қилолмаганман.
Мен туғилмасимдан аввал дадам тадбиркорлик билан шуғулланиб, Ўзбекистонда «Волга» автомобилини сотиш билан шуғулланган экан. Опам ва акамнинг болалиги аслзодалар сингари ўтган. Мен туғилгач, дадамнинг иши чаппасига кетиб, касодга учраган. Хуллас, молиявий қийинчиликлар сабаб болалигим ҳавас қилгудек ўтмаган.
7 ёшимдан бошлаб сут, қатиқ маҳсулотларини сотиб, мустақил пул топишни бошлаганман. Актриса бўлгунга қадар ширинлик, хўжалик совуни ва кийим-кечак ҳам сотиб кўрганман.
«Оилали бўлгач режаларим ўзгарди»
Фото: Instagram / @xanna__official
— 2014 йили «Мен ёлғончиман» номли фильмда суратга тушганман. Бу ҳаётимда туб бурилиш ясаган. 2017 йили Зарина Низомиддинова билан «Саодат» сериалида суратга тушиб, бир миллион сўм гонорар олганман. Ундан кейин «Браво» кулги жамоасига таклиф этилганман. 2019 йили жамоа билан катта саҳнага чиқиш бахтига муяссар бўлдим. Афсуски, куз ойида турмушга чиққанимдан кейин ижодий режаларим ўзгарди. Келинларнинг съёмкаларга бориши мумкин эмаслигини айтишгач, уйда вайнерлик фаолиятимни ривожлантиришга эътибор қаратдим.
«Турмуш ўртоғимнинг оиласига актрисалигим ёқмади»
Фото: Instagram / @_safiiyaa___
— Аввалдан оила учун санъатни ташлайман, деган фикр бўлмаган. Чунки мен болалигимдан карьера ва оиласига бирдек эътибор берадиган аёлларни ҳурмат қилганман. Турмуш ўртоғим узоқ йил Россияда яшагани ва фикрлаш доираси европача бўлгани учун уни танлагандим. Аммо оиласи соф ўзбекона бўлгани учун ўртамизда баъзи тушунмовчиликлар бўлди. Яъни уларга санъаткор эканим ва вайнлар суратга олишим ёқмади. Санъатни танлаб, киносъёмкаларда иштирок этмаслигим мумкин. Аммо севимли ишим билан шуғулланишимга рухсат беришларини истагандим. Чунки аёл киши ҳам оиласи ва фарзандидан ортиб, ўзи учун ҳам яшаши керак-ку.
Мен бойликка учган ёки карьера учун оилани бир четга сурган инсон эмасман. Агар шундай бўлганида бадавлат инсон билан танишиб, оила қуришни ҳам ортга суриб юрган бўлардим. Аммо бундай яшаш менга тўғри келмайди.
«Ажрашиб ўзгарди, деганларига гапим бор»
— Турмуш ўртоғи билан ажрашиб ўзгарди, деб негатив фикр билдираётганларга гапим бор. Мендаги ўзгаришларнинг асосий сабаби — ўзимга бўлган ишончим ортгани билан боғлиқ. Охирги пайтларда мутахассислар билан кўп ишладим. Ҳатто юздаги бирор ҳуснбузар ҳам бежизга пайдо бўлмаслигини англадим. Яқинда съёмка сабаб Тошкент вилоятидаги маҳаллаларнинг бирига бордик. Бир аёл ёнимга келиб, гаплашди. Гап орасида нечинчи йил эканимни сўради. 1999 йил туғилганимни айтсам «Вой, деярли тенгдош эканмиз, мендан бор-йўғи икки ёш кичкина экансиз», деди. Аммо мен у аёлнинг 35-40 ёшларда деб ўйлабман. Юз эътиборни талаб этади, косметологга бормаган тақдирда ҳам унга табиий ниқоблар қўйиш керак. Хуллас, мен ўзимни севаман ва ташқи кўринишимга ҳамиша эътибор бераман. Аёл қадр кутса, аввало ўзини қадрлашни ўрганиши керак.
Фото: Instagram / @xanna_official
Оила қургач, ҳамма келинлар қатори оилага мослашган эдим. Тўйдан аввал ҳам ташқи кўринишимга эътиборли эдим. Аммо янги оила аъзолари кийиниш ёки пардозга чеклов қўйишгач, айтганларини қиласиз. Ҳозир кимгадир ниманидир исботлаш ниятим йўқ. Одам яхшилигини атрофдагиларга исботлайман, деб яшаса умри қандай ўтиб кетганини билмай қолади.
«Яхши ролни сотиб олса ҳам бўлади»
— Сериал ва киноларда кам суратга тушаётганимнинг иккита сабаби бор. Яхши сценарийлар деярли йўқ, баъзан нима ҳақида сериал суратга олишаётганини ҳам билишмайди. Кейин сериал гонорари жуда кам. Бир неча ой суратга олинадиган сериалда 10-15 миллион гонорар берамиз, дейишади. Аммо мен Instagram’даги битта реклама постини 1000 АҚШ долларига жойлайман. Шу боис, деярли рол ижро этишни истамаяпман. Кейин баъзи машҳур актрисалар пул бериб бўлса ҳам яхши ролларни сотиб олишяпти. Мен ҳам шундай қилсам бўлади, аммо «жиз» этадиган сценарий йўқ. Яхши рол бўлса гонорарсиз ҳам суратга тушишга тайёрман, аммо ҳозирча бунақаси учрамаяпти.
«Турмуш ўртоғим билан ажрашганим йўқ»
— Айримлар ўйлаганидек, ҳозирча турмуш ўртоғим билан ажрашганим йўқ. Биз қаттиқ аразлашдик шу боис бирга яшамаяпмиз. Кўп ҳолларда ўзбек оилаларининг ажралишига атрофдагиларнинг гап-сўзи сабаб бўлади. Бизда қайнона-қайнотадан ташқари, опа-сингил, ака-укалар ҳам икки ёшнинг ҳаётига аралашаверади. Улар сабаб гулдек оилалар ажралиб кетяпти. Бу жуда ачинарли ҳол. Турмуш ўртоғим билан ярашаманми-йўқми, буни вақт кўрсатади. Олдиндан ҳеч нарса деёлмайман. Ҳаракатни кўрсам шунга қараб муносабат билдираман.
«Instagram’дан кўпроқ пул топаман»
Фото: Instagram / @xanna_official
— Тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида, кийим-кечак дўконини ҳам ишга туширгандим. Аммо ишлар кўплигидан дўконга чиқолмай қолдим. Ҳар куни реклама ёки вайн съёмкаси билан банд бўламан. Шу боис дўконни вақтинча ёпишга қарор қилдим. Аслида Instagram орқали пул топиш ҳам тадбиркорликнинг бир усули. Саҳифамга ҳар куни хизмат ва маҳсулот рекламаларини жойлайман.
18 ёшимда ўз кучим билан Spark олиб, 23 ёшимда эса Captiva автомобилини харид қилдим. Шундан даромадим ҳақида билиб олсангиз бўлади.
«100 000 АҚШ долларигача фойда»
— Instagram’да гив-конкурсларни кўп ўтказмаганман. Чунки гив ўтказсангиз, илтимослар кўпайиб кетади. Шу боис, пулли марафонлар ўтказаман. Уларда озиш, гўзаллик, тадбиркорлик ва аёлларга керакли бошқа мавзуларда ўз тавсияларимни бераман. Шу кунгача мен ўтказган марофонлардан норози бўлишмаган. Гивларнинг ҳақиқийсига нисбатан сохталари кўпроқ. Ҳақиқий гивдан катта пул қолмайди, кўзбўямачилик учун ўтказганлардан эса 10 000 — 100 000 АҚШ долларигача фойда қилиш мумкин. Сохта гивлар ҳақида биламан, аммо айтолмайман. Ҳамма виждонига яраша иш қилади.
«Икки ёшли қизимнинг 141 минг кузатувчиси бор»
— Қизим Сафия учун ҳеч нарсани аямайман. Ўзим болалик гаштини ҳис қилмаганим учун болам кам-кўстсиз ўсишини истайман. Уйда қизим кўнглига келганини қилади, уришмайман. Назаримда болани уришиб эмас, тушунтириш йўли билан тарбиялаш керак. Лекин уни чеклаш, мумкин эмас деган тушунча билан тарбиялаш керак эмас.
Ҳозирда қизимнинг Instagram профилини 141 мингта обуначи кузатади. Келажакда блогер ёки актриса бўлса қаршилик қилмайман. Буни истамаса мажбуран қизиқтириш ниятим ҳам йўқ.
«Шахсий вертолётимда саёҳатга бораман»
Фото: Instagram / @xanna__official
— Орзуларим жуда кўп. Уч қаватли уйим бўлишини ва саёҳатларга ўз вертолётимда боришни орзу қиламан. Бундан ташқари, яна фарзанд кўриш ниятим бор. Фарзандли бўлгач, қоматим билан боғлиқ кичик муаммони ҳал этиш учун пластик жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказмоқчиман. Энг катта орзуларимдан бири ота-онамни ҳаж сафарига юбориш. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади