Шаҳзода Муҳаммедова «Imarat» можаросидаги сирларни очишга ваъда берди

Шаҳзода Муҳаммедова «Imarat» можаросидаги сирларни очишга ваъда берди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Актриса Шаҳзода Муҳаммедова «Имарат Девелопмент» компанияси таъсисчилари ўртасидаги можаро юзасидан видеомурожаат йўллаб, шерик Жасур Азизовни маблағларни ўзлаштириш ва компания номини ноқонуний ўзгартиришда айблади.
  • Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи Марат Ҳамдамов компания ривожига катта ҳисса қўшган бўлса-да, Жасур Азизов томонидан лойиҳадан четлаштирилган.

«Imarat Development» қурилиш компанияси атрофидаги можаро янада авж олмоқда. Лойиҳа эгаси Марат Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи, актриса Шаҳзода Муҳаммедова видеомурожаат билан чиқиб, компания таъсисчилари ўртасидаги келишмовчиликлар, хориждаги кўчмас мулклар ва маблағлар тақдири ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Актриса ўз мурожаатида компаниянинг яна бир таъсисчиси Жасур Азизовни турмуш ўртоғи билан ўртадаги келишмовчиликлар ортида турган шахс сифатида тилга олди. Унинг таъкидлашича, Марат Ҳамдамов компания фаолиятида фақат реклама юзи бўлмаган, балки инвесторлик қилган, сотув бўлими ва қурилиш жараёнларини ҳам бошқарган.

Шаҳзода Муҳаммедова Жасур Азизовнинг Германия, Лондон, Дубай ва Туркияда кўчмас мулклари борлигини айтиб, унинг хориждаги ишлари билан банд бўлганини иддао қилди. Актриса эса турмуш ўртоғи компания ривожи учун кўп вақт ва куч сарфлаганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Дубайдаги уй ҳам Марат Ҳамдамов ёки унинг номига расмийлаштирилмаган. Актриса бу мулк Жасур Азизов номида эканини, бу эса таъсисчилар ўртасидаги келишув билан боғлиқ бўлганини айтди.

Шунингдек, Шаҳзода Муҳаммедова ўзи ва турмуш ўртоғига нисбатан ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фирибгарлик ҳақидаги айбловларни рад этди. У ўзининг аввалдан таъминланган оилада вояга етганини, турмуш қургунига қадар ҳам кўплаб мамлакатларда бўлганини таъкидлади. Ҳатто айрим пайтларда турмуш ўртоғига молиявий ёрдам кўрсатганини ҳам маълум қилди.

Актриса мурожаатида Жасур Азизовнинг учта давлат фуқаролигига эга экани ва яқинда Лондонда турмуш ўртоғи номига 12 миллион долларлик кўчмас мулк харид қилганини ҳам даъво қилди. Шунингдек, унинг аввалги ҳамкорлари билан ҳам шунга ўхшаш келишмовчиликлар бўлганини айтди.

Шаҳзода Муҳаммедованинг билдиришича, Марат Ҳамдамов унга ушбу можарога оид турли далил ва материалларни қолдирган. Унинг айтишича, Жасур Азизов бош ҳисобчи Ҳилола ва бошқа шахслар билан биргаликда компания маблағларини қариндошларининг ҳисоб рақамларига ўтказган. Актриса бу ҳолатлар бўйича материаллар давлат идораларига топширилганини билдирди.

Мурожаатда компания номи ўзгартирилгани масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Шаҳзода Муҳаммедова Жасур Азизов Марат Ҳамдамовнинг розилигисиз компания номини ўзгартирганини иддао қилди. Унинг фикрича, бу орқали Ҳамдамовни лойиҳадан четлаштириш ва компания назоратини ўз қўлига олиш режалаштирилган.

Актриса, шунингдек, Жасур Азизов Дубайдан Германияга учиб кетаётганида Интерпол орқали ушланганини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда мазкур шахс тергов жараёнида иштирок этмоқда.

Шаҳзода Муҳаммедова халқдан ҳам узр сўраб, уй-жой кутаётган фуқароларнинг қийин аҳволини яхши тушунишини билдирди. Унинг айтишича, ўзи ҳам компаниянинг ишонч белгиси ва юзи бўлгани учун жамоатчилик танқидига учраган.

Актриса Марат Ҳамдамов давлатдан ортиқча маблағ олмаганини таъкидлаб, бу гапларини Қуръон ушлаб қасам ичишга ҳам тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, Жасур Азизовнинг халқ олдидаги мажбуриятларни бажариш учун етарли мол-мулки ва имконияти борлигини айтди.

Ҳозирча Шаҳзода Муҳаммедованинг билдирган даъволарига Жасур Азизов томонидан муносабат билдирилгани ҳақида маълумот йўқ. Мазкур баёнотларда келтирилган ҳолатлар тергов давомида текширилиши ва уларга ҳуқуқий баҳо берилиши керак.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар