
Муниса Ризаева аввалига Ўзбек Миллий ва замонавий эстрада қўшиқчилиги санъатида ўзининг фольклор қўшиқлари билан ҳисса қўшиб, мухлислар қалбини забт этганди. Бугун унинг қўшиқлари ҳам, шу қўшиқларга ошуфта қалбли мухлислари ҳам кўп. Хонада нафақат ижодий, балки очиқкўнгил ва дангаллиги билан ҳам мухлисларига ёқади. Қуйидаги суҳбатимизни ўқиш давомида бунга ўзингиз ҳам амин бўлишингиз мумкин.
— Сўнгги вақтларда журналистлардан яхшигина ранжиганингизни суҳбатга анча ўйланиб рози бўлганингиздан пайқаш қийин бўлмади.
— Айрим журналистлар санъаткорларни тушунишни исташмайди. Умуман олганда, улар санъаткорнинг ҳаёти, кун давомида қиладиган ишлари, ижод жараёнидаги машаққатлар ва кайфияти билан ҳисоблашмай туриб, биз ҳақимизда “Юлдуз” бўлиб қолган. Шунинг учун интервью бермайди, чақирган вақтимизда келмайди”, дейди. Масаланинг асл сабабини билмайди-ку! Журналист таклиф қилган вақтида санъаткорнинг тоби йўқ бўлиши ё бирор яқини вафот этган бўлиши мумкин. Ёки ўша санъаткорга таҳдид қилишгандир... Бизнинг ҳам ҳаётимизда турли кутилмаган вазиятлар бўлиб туради. Бу эса “юлдузлик касали”га чалинди, дегани эмас. Шунчаки журналистнинг хоҳиши билан санъаткорнинг имконияти мос келмай қолади, холос. Илтимос, бизни тушунишга ҳаракат қилинглар!
— Журналистларнику-я кўнглига йўл топа олмабсиз. Мухлисларничи доим хурсанд қилишнинг уддасидан чиқоляпсизми?
— (Ўйланиб) Охирги пайтларда “Нима учун Муниса Ризаева халқ хизматлари ёрдам учун бепул хизмат қилмайди?” ёки “Таклиф қилсак келмайди?”, дея мухлислар мендан хафа бўлишяпти. Очиғи, халқ хизматларига пулга муҳтожилигимдан бормайман. Сабаби эса оддий! Шунчаки вақтим ёки имкониятим бўлмаслиги мумкин. Илтимосим шуки, яхши кунингизга таклиф қилмоқчи бўлсангиз, аввалдан админстраторим Жаҳонгирга қўнғироқ қилинг! “Муниса Ризаева ёрдам сифатида бепул хизмат қилиб берсин”, деб огоҳлантириб қўйишса, албатта, бораман! Охирги пайтларда баъзи журналистлар санъаткорлар билан яқинроқ бўлишгани боис “Акам ё қариндошим тўй қилаётганди”, деб алдаб тўйга олиб бориб, тўй эгалари берган пулни эса ўзларига олиб қолишаётган экан. Ўша журналистларга айтадиган гапим — ҳеч қачон биздан сўраган ёрдамингиз ёки таклиф қилган тадбирингизда хизмат қилишдан бош тортмаймиз. Шундай экан, ёлғон гапиришнинг ҳожати йўқ! Биз санъаткорлар сизларни хурмат қиламиз. Шунга яраша жавоб қайтишидан умид қиламиз!
— Аёл киши учун кўпроқ нима муҳим?
— ...нима демоқчи эканингизни тушундим! Оила қуриш — энг жиддий қадамларимиздан бири. Аксарият қизлар зарурият юзасидан турмушга чиқишади. Лекин мен бир маротаба турмуш қуриб, умримнинг охиригача ўша инсон билан бахтли ҳаёт кечиришни истайман! Шунинг учун ҳалигача турмушга чиқмадим (кулади). Бу билан ҳеч кимнинг менга уйланиш истаги йўқ, демоқчи эмасман. Шунчаки, танлов жараёни чўзилиб кетди. Турмуш қуриш таклифини билдираётган одамни иккинчи ярмим, деб тасаввур қила олмас эканман, турмушга чиқмайман. Қолаверса, ҳозир ижод сари шаҳдам қадамлар ташалаётган пайтдаман, чалғишни истамайман.
— Кўнглингизни забт этган инсон борми?
— Учраб туради... Ўша инсонни ўргана бошлаганимда, қандайдир салбий “қирра”лари очилиб қолади. Асл қиёфаси эса мени ўзидан итаради. Иложи борича кимгадир боғланиб қолмасликка ҳаракат қиламан.
— Муниса Ризаеванинг кунлик иш режаси тартиби қандай?
— Тан оламан, тонгим кеч отади. Аксарият санъаткорларнинг куни кеч уйғониш билан бошланади. Сабаби, тунни ижод қилиш билан ўтказамиз. Уйдан чиқиб, белгиланган учрашувларга бораман. Соат 16:00дан 17:30гача спорт залида шуғулланаман. У ердан чиқиб, гўзаллик салонига отланаман. Табиийки, халқ хизматига йўл оламан. Тўғрисини айтиш керак, бўш вақтим бўлмайди.
— Нега вилоятлар бўйлаб гастрол сафарлари уюштирмайсиз?
— Пойтахтда хизмат қилиш осонроқ. Бир бор вилоятга хизмат сафарига борганимизда ширакайф одамлар таҳдид қилишган. Шундан бери вилоятларга чиқмай қўйганман. Чунки ўша вазиятларда ҳеч ким бизга ёрдам бера олмаган. Вилоятга хизматга чақиришни истаган мухлисларимиз хавфсизлигимни таъминлаб беришса таклифларини рад этмайман.
— Яна нималардандир норозидексиз?
— Рости, халқ хизматларида менга таҳдид ва хурматсизлик қиладиган тўй эгаларидан чарчадим! Пулни келиб юзимга сочиб кетишади... Шу маданиятли одамга хос ишми? Шу сабаб, баъзида тўй эгалари билан низоли вазиятларга тушиб қоламиз. Камига ҳақоратлашади, тош отишади... Ҳалол хизматимизга бўлган муносабат шуми?! Шахсий авдовати бўлса, ўзимга гапирмайдими. Одамларнинг кўз ўнгида ўз “мен”ини кўрсатишдан нима наф? Бундай ҳурматсизликдан сўнг қайси санъаткор кулиб туриб, саҳнада қўшиқ айта олади? Жанжални бошлаб қўйиб, яна санъаткорнинг устидан шикоят ҳам қилишади. Тарсаки туширганимдан сўнг пул ҳам талаб қилганлар бўлган. Ҳуқуқ-тартибот ходимларига эса ҳақлигимни исботлай олмаганман. Мақсади санъаткорни жавобгарликка тортиб, кўпроқ жарима ундириш. Буларнинг барини ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман.
— Муниса Ризаева саънатдан кетиш ё қолиш танловидан қай бирини танлади?
— Санъатни тарк этиш вақти келгандагина кетаман, ҳозир эмас (кулади)! Санъат мен учун шунчаки хобби. Келажакда продьюссерлик маркази очиш ёки ёш хонандаларга ҳомийлик қилиш ниятим ҳам йўқ эмас. Эртага нима бўлишини ҳозирдан ҳеч ким айта олмайди...
— Унда ижтимоий тармоқлар орқали санъатни тарк этиш қарорига келганингизнинг боиси нимада эди? Одамларнинг гап-сўзлари чарчатганмиди? Юқоридаги жавобингиздан кўриниб турибдики, тарқалган расмдагидек узала тушиб ётиб оладиган эмас, аксинча, яна олдинга ҳаракат қилувчилар тоифасидан экансиз...
— Албатта! Ахир менинг айбим йўқ, буни кўпчилик билади. Айримлар эса саъатда фаолият юритишимни исташмаяпти. Одамларнинг ҳар бир қадамимни телефонларига расм ва видеога олиб тарқатишлари, умуман доимий равишда мени таъқиб қилишларидан чарчадим. Шаънимни ер билан битта қилишнинг нима кераги бор? Қиз бола-ку, деб ўйлашмайдими? Ҳар бир одамнинг ўзига яраша шахсий ҳаёти бор, ахир. Санъаткорлар ҳам хато қиламиз, сиз каби оддий одаммиз! Туғилган кунимизни яқинлар даврасида ўтказиш, рақс тушиш, кайфиятимизни ўзимиз кўтариш, севган инсонимиз билан эсдалик учун расмга тушишга ҳаққимиз йўқми? Баъзи одамлар эса мени нуқул ёмон томонлама кўрсатишга ҳаракат қилишади. Айрим санъаткор аёллар каби ичмайман, чекмайман! Мен хонанда Манзуранинг қўшиғига рақсга тушишим мумкин эмасми? Одамлар нега сиз нуқул вазиятни ёмон томонлама олиб кўрсатишга ҳаракат қиласиз? Мен қаерда истасам, шу ерда рақсга тушишим мумкин. Мана суҳбат жараёнида ҳам гувоҳ бўляпсиз, мен жуда ҳам эмоционал... қизман. Ноҳақликларни юрагимга тез қабул қиламан. Албатта, емаган сомсага кимнинг пул тўлагиси келади? Масалан, ҳар ил одамлар бор-да (телефонини қўлига олиб) телефонга қарашади, — Вой, жуда ҳам чиройли телефон, ичида яхши дастурлари бор экан, қулай экан... Ёки бўлмаса яна биров — Вой, нима бу, телефонми, айфонми, нокиа бор бизда. Арзимайди, баҳосига... Тушуняпсиз-а? Кимга қандай қулай бўлса, вазиятга ҳар хил кўз билан қарашлари мумкин. Очиқ айтаман, бугунги кунда ўзимга яраша душманларим ҳам бор, чунки мен улар билан рақобатлаша оляпман. Албатта, уларга орқамдан санчиш орқали мени саҳнадан улоқтиришга ҳаракат қилишлари табиий-да... Хуллас, Россия халқ артисти Алла Пугачёва айтганидек, кимдир мен ҳақимда гапиряптими, демак, мен шунга арзийман, кимгадир керакман. Ҳатто шунинг учун ҳам куйлашим мумкин. Лекин мен хафа бўламан, чунки улар ўйлаганидек ёмон инсон эмасман. Ва, мени ҳеч қачон умримда қилмаган ишимда айблашяптими, менинг юрагим албатта, бу яра бўлиб қолади... Кимларгадир керак экан менинг юрагимни яралаш... Аслида эса халқда бир мақол бор. — Сен бир инсонга лой сачратиб, уни ёмонотлиқ қиларсан, лекин шундай кунлар келади, ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди. Лекин сени шу ишларда қўлинг борлиги учун, қўлларинг ҳаром бўлиб қолаверади...
Манба: “Даракчи” газетаси
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар