00:10 / 04.12.2022
1 500

Туркиянинг TRT канали Лувр музейидан Катта Лангар Қуръони намойишига оид репортаж тайёрлади (видео)

Туркиянинг TRT канали Лувр музейидан Катта Лангар Қуръони намойишига оид репортаж тайёрлади (видео)
Париждаги Лувр музейида Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси доирасида Катта Лангар Қуръони ҳам намойиш этилди. Туркиянинг TRT канали ушбу намойишга оид репортаж тайёрлади.

Ислом оламининг энг муҳим қўлёзмаларидан бири — Катта Лангар Қуръони

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарларидан ҳисобланади. Бу нусханинг Катта Лангар Қуръони деб номланиши унинг Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақланганига бориб тақалади. Саҳифалар узоқ вақт давомида «Катта Лангар шайхлари» деб ном олган Ишқия тариқати вакиллари томонидан асраб келинган.

Қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашича, ушбу қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чорагида — араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади. Ҳозирги кунда ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.

Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, шундан биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида, 13 таси Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида сақланмоқда.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24 майда «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганидан кейин Ўзбекистонда бу борада бир қанча илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтди.

Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси — пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 сантиметрни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган.

Катта Лангар Қуръони йиллар давомида таъмирланиб, уни безак ва нуқталар билан тўлдириб келинганини кўриш мумкин. Масалан, баъзи саҳифаларнинг йиртилган бурчакларига ямоқ солинган ва ямалган жойидаги оятлар насх хати турида ёзилган. Суралар орасига нақш чизилиб, унга суранинг номи ва оятларининг сони насх хатида битилган. Баъзи саҳифалардаги баъзи калималарга ҳаракатлар қўйилганини ҳам кўриш мумкин.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони реставрация қилинди, яъни кўп асрлик чанг, ғубор, замбуруғ ва зарарли бактериялардан тозаланди. Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда, яъни 2019, 2020 ва 2021 йилларда амалга оширилди.

Ислом оламининг ноёб қўлёзмаларидан бири бўлган ушбу Катта Лангар Қуръонининг 2 саҳифаси 2022 йил 23 ноябрь куни очилган Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган Париж кўргазмасида намойиш этилди. Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, Мусҳаф кўп асрлар нафақат Ўзбекистон, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун, кўргазмалар 2023 йил 6 мартгача Луврда бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Туркиянинг TRT канали Лувр музейидан Катта Лангар Қуръони намойишига оид репортаж тайёрлади (видео)