16:15 / 26.06.2023
427

«Ўзбек қизи» ҳақида айрим мулоҳазалар. У кўришга арзийдими?

«Ўзбек қизи» ҳақида айрим мулоҳазалар. У кўришга арзийдими?

Яқин ўн йилликдаги ўзбек киноматографияси мазмун ва кўлами жиҳатидан бойиди. Айниқса, тарихий мавзулар, хусусан яқин тарихимиздан сўзловчи кўплаб кинокартиналар дунё юзини кўрди. Гарчи тарихий мавзуларда фильм ишлашдан «қўл чиқиб» қолган бўлсада, киноижодкорлар ўз сўзларини айта олдилар.

Жумладан, «Қўқон шамоли», «Абдулла Авлоний», «Ибрат»... Кейинроқ эса, «Ўзбеккино»да ўзгаришлар амалга оширилгандан сўнг, негадир бу мавзулар чекиниб, иккинчи жаҳон уруши мавзусига мурожаат қилиш анъана тусига киргандек бўлди. Аввал «Илҳақ», сўнг «Ўзбек қизи» ва яна суратга олиш ишлари эълон қилинган «Казбек» фильмлари.

Иккинчи жаҳон уруши мавзусида фильм ва сериаллар ишлаш Россияда кенг урфга кирган. Улар орасида урушнинг машъум юзини кўрсатиб берган киноасарлар ҳам бордир, аммо аксарияти урушни романтика йўналишида тасвирлашга, уни улуғлашга йўналтирилган. Бу борада айтилмаган сўз, экранга кўчмаган мавзу қолмади, ҳисоб. Мана шу кинофильмларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин: 1) муайян ғояга йўналтирилган; 2) воқеа тасвири биринчи планга қўйилганлари.

Мана шу аснода, кинорежиссёр Акбар Бектурдиевнинг «Ўзбек қизи» фильми яратилди. Ўзбек қизи Жамила Қодирова тимсолида ўзбек халқининг урушга тортилиш тарихини ёритилди кинокартинада.

Фильмни замонавий киноматография талабларига хос тарз ишлашга уринишларни сезиш мумкин. Декорация, тарихий шароит ва муҳитни идеал тарзда имитация қилиш, махсус эффектлар... Операторлик ишида замонавий киноматографиянинг ютуқларидан кенг фойдаланилган. Бир қарашда, хориж блокбастерларидан қолишмайдиган фильм. Ҳаммаси жой-жойида. Лекин...

Бир қарашда бу фильмни аввал ҳам кўргандек ҳиссиёт ўтади. Худди рус фильмларини кўраётган бўласиз, чунки қуруми бир хил: экспозиция, воқеа ривожи ва ечимнинг берилиши ўхшаш. Агар фильм бошида титрлар кўрсатилмаса россияликлар ишлаган экан, деган хаёлга борилади.

Рус фильм ва сериалларида қаҳрамонлар қандай таништирилса «Ўзбек қизи» да ҳам шундай. Қизлар ва Жамила ҳарбий мактабда танитилади. Эски «приём». «28 панфиловчи», «Ҳур қизлар», «Штрафбат»... Хуллас, рўйхат узун. Сценарий шу рус фильм ва сериалларидан битта-битта эпизодлар олиб ёзилгандек таассурот уйғотади.

Сценарий муаллифлари оригинал ёндошишса тайёр қолиплардан фойдаланишмаган бўларди. Сценарий шундай ёзилганки, бошиданоқ бош қаҳрамоннинг қаҳрамон бўлишини сезасиз ва фильм финалида адашмайсиз.

Фильм Бахтиёр Абдуғафурнинг «Узбечка» асари асосида ишланган дейишди. «Узбечка»ни ўқисангиз Жамила Қодированинг қаҳрамон бўлишига ишонасиз, навбатдаги қаҳрамонлик ҳақидаги асар экан, деган ўйга борасиз. Лекин асар давомида воқеалар ривожи кескин ўзгаради, романдаги Жамила қаҳрамон эмас, маҳбусга айланади, меҳнат лагерига ҳукм қилинади... Мана бу ҳақиқий оригинал ечим. Ҳайронман, мана шундай оригинал ёндашувлар нима учун киночиларга маъқул келмади?

Бундан ташқари, «Узбечка» асарида иккинчи жаҳон уруши арафасида миллатнинг иккига бўлиниши, фожеаси кўрсатилган. Жамила тимсолида Шўрога ишонган халқ, Исломхўжа ва унинг отаси Бузрукхўжа эшон тимсолида истиқлолни орзу қилган иккинчи тоифа. Ҳозирги Ўзбекистон ўша Исломхўжа ва Бузрухўжалар етиша олмаган ҳурриятли юрт эди. Исломхўжалар фожиаси мисолида кино ижодкорлари миллатнинг кечаги қоронғу тарихини ҳам қўшиб ёритишса бўларди, уларда имконият бор эди. Романнинг кульминацион нуқтаси – ўзбек халқи фарзандини жазолаган НКВД генералининг оиласини айнан шу ўзбек халқи сақлаб қолгани, генерал эса шу халқ қаршисида бир умр таъзимда эканини экранлаштиришга нима халақит берди? Ўзбекнинг маънавий қиёфасини кўрсатиш эмасми аслида «Ўзбеккино»нинг бош мақсади? «Ўзбек қизи» дея номлансада «ўзбек»нинг «ў» ҳарфи сезилмайди. Кинодаги снайпер қиз бу тузумнинг фарзанди, қиёфаси, юзи, унда миллийликдан ҳеч нарса йўқ, фақат ўзбекларга хос кийинтирилган, холос.

Иккинчи томондан, бу жиҳатларни қўйиб туриб бошқа ракурсдан қаралса, фильмдаги мантиқсизликка кўз юмиб бўлмайди. Мантиқ йўқ жойда эса ишонч йўқолади.

Айримларига тўхталиб ўтамиз:

1. Жамиланинг фронтда – ҳаракатдаги армия қисмида пайдо бўлиши. Жосуслар, диверсантлар тўлиб-тошган вақтда махсус хизматлар назарига тушмаслик учун қишлоқи қиз Жамила камида ўша диверсантлардек бўлиши керак;

2. Жамиланинг оддий «Мосинка»да бомбардимончи самолётни уриш тушириши. Фильм давомида тоғасидан отишни ўрганганлиги кўрсатилган бўлсада қўштиғ билан «Мосинка»нинг ишлашида катта фарқ бор;

3. Ҳарбий мактаб инструктори капитан Громовнинг қизларга қўшилиб фронтга кетиши. Қайси мантиқ билан ҳарбий мактаб инструкторини ўз талабалари билан фронтга жўнатиш мумкин?! Устоз-инструктор талабаларнинг янги гуруҳини қабул қилади ва таълим беради. Фильм «мантиқи»дан келиб чиқадиган бўлсак, талабалар билан фронтга жўнайверса ҳарбий мактабда ўқитувчи қоладими?

4. Ҳарбий мактаб бошлиғининг партизанларга қўшилиши. Юқоридаги фикримизнинг мантиқий давоми. Талабалари билан фронтга жўнайверса ҳарбий мактабга ҳар сафар янги бошлиқ тайинланадими? Бу бошлиқлар ҳам фронтга жўнаб, айтайлик, Белоруссия ёки Украинадаги партизанларга қўшилиб кетаверадими?

5. Снайперчи қизларнинг ҳаммасини бир қисмга жўнатилиши. Уруш вақтида бундай бўлмаган. Ҳар дивизия/батальонга битта снайпер махсус йўлланма билан юборилган. «Пачкалаб» юборилишига одам ишонмайди. Фильм ижодкорлари ҳеч бўлмаса «Номсиз тепаликда» («На безымянной высоте») фильмига яхшилаб эътибор берганларида снайперчи қизларни қай тахлит фронтга юборилиши тартиби ва талабига тушунган бўлардилар...

Хуллас, санаса узоқ давом этамиз, бу хусусда овора бўлишимизда мантиқ кўринмайди.

Уруш мавзуларни юқорида шартли таснифлагандек, ўша тасниф бўйича «Ўзбек қизи»ни иккинчи қисмга – воқеалари гулдураган, ғояси оқсаганлар сафига қўшса бўлади.

Яна бир жиҳат. Ҳар қандай асар бир киши томонидан ёзилади. Иккинчи, учинчи ва ҳоказо тартибли «муаллифларнинг» қўшилиши бутун бир яхлитлик, бадиий уйғунликка путур етказади. «Ўзбек қизи» сценарийсида уч муаллиф кўрсатилган, «ҳашар қилиб» ёзилган сценарийда ҳам шу нуқсонлар кўзга ташланади.

Ўз-ўзидан савол туғилади, Бадиий кенгаш бу қусур ва нуқсонларни кўрганми? Кўрган бўлса фикр айтганми? Бадиий кенгаш аъзолари етук, салоҳиятли мутахассислар, улар юқоридаги нуқсон ва мантиқсизликларни кўрмай қолишлари мумкин эмас. Бадиий кенгашнинг тегишли баённомаларида бу фикр-мулоҳазалар акс этганлигига шубҳамиз йўқ.

Фильм давлат маблағи ҳисобига олинган. Демак, давлат фуқароси сифатида фикр айтишга ҳаққимиз бор. Шунча маблағ сарфлаб шундай кино олиш мумкинми? Фильм бу фақат блокбастер эмас, ундайлари интернетда тиқилиб ётибди. Фильм муайян ғояни айтиши керак. Фильм қаҳрамонларида ўзига хос ғоявий юкламалар бўлиши керак. Лекин «Ўзбек қизи»да бундай эмас. Қаҳрамонлар образ даражасига кўтарилмаган, уларнинг исми-шарифи бор, айтмоқчи бўлган ғояси йўқ. Снайпер қиз тарихи айсбергнинг учи, унинг ости эса йўқ – гўё уммоннинг илиқ сувлари ювиб кетган.

Хоҳлаймизми-йўқми, «Илҳақ» фильмини эслашга мажбурмиз. Жаҳонгир Аҳмедовнинг фильмида ҳар бир қаҳрамон бадиий портрети пишиқ-пухта ишланган образ. Она – тузумнинг қурбонига айланган миллат оналари, Раис – тузумнинг содиқ ходими... Ҳатто, майда-чуйда кўринган деталларга ҳам рамзийлик яширинган. Эсланг, болалар тупроқйўлда ясаган уйчани военкомат ҳарбийсининг машинаси босиб кетиши... «Илҳақ»нинг бадиий етуклиги мана шунда. Киносценарийга ҳар нарса тиркаб кетилавермаган.

Фикрларимни умумлаштириб айтишим мумкинки, «Ўзбек қизи» ижодкорларида катта имконият бор эди. Улар нафақат суврати бор, сийрати йўқ фильм ўрнига ғоявий-бадиий жиҳатдан пишиқ киноасар яратишлари мумкин эди. Киноасарки, қайта-қайта кўрадиган, ҳар сафар бир нарса кашф этиладиган.

Афсус, ундай бўлмабди.

Зафар Қосимов


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Ўзбек қизи» ҳақида айрим мулоҳазалар. У кўришга арзийдими?