"Каниза мен учун қўшиқчи эмас" — хонанда Ягона санъатдаги душманлари ва бизнес билан шуғулланаётгани ҳақида
“Зеро” гуруҳидаги иштироки билан шоу-бизнесга кириб келган Ягона кейинчалик яккахон хонанда сифатида ўзини синаб кўрди. У YouTube’даги “Shok.uz” каналига берган интервьюсида гуруҳни тарк этгач, тақиқларга учрагани, ким билан дуэт куйлашни истамаслиги ва бугунги кунда нега камнамолиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.
— “Зеро” гуруҳи машҳурликка эришиб, одамлар оғзига тушаётган пайтлар эди. Оладиган пулимиз камлиги учун у бу ерга борадиган бўлсам жамоат транспортидан фойдаланардик. Одамлар таниб қолишганида, барибир одам ҳижолат бўлади. Шунда гуруҳнинг бошқа аъзолари билан келишиб, продюсер билан очиқчасига гаплашиб оламиз деганмиз. Мен пулни оширинг деб очиқчасига талаб қилганман, аммо бошқалар жим бўлиб қолган. Гўёки ҳаммаси яхши-ю, фақатгина менга пул керак бўлгандек кўринган.
Гуруҳ тарқалганидан кейин Самандар билан дуэт куйлайдиган бўлганман. Қўшиқ зўр чиққан аммо тайёр бўлиши керак бўлган куни студиядагилар узр сўраб, қўшиқ ўчиб кетганини айтган. Роса алам қилган. Энг қизиғи, студиядигилар ҳам бунинг сабабини билишмайди. Ана шундан кейин жуда кўп душманчиликларни сезганман. Қаерга борсам “Узр сизни чиқаролмаймиз, қўшиғингизни беролмаймиз”, деб узр сўрашар эди, — дейди хонанда Ягона.
Бошловчи хонандага “Каниза билан дуэт айтган бўлармидингиз?” деган мухлис саволини ўқиб берди. Хонанда саволга “Йўқ” дея жавоб берди.
— Каниза хафа бўлмасин-у, у ўзи қўшиқчими? Ҳатто, Канизанинг маъноси нима эканлигини ҳам билимайман. У мен учун қўшиқчи эмас, — дейди хонанда Ягона.
Ягона санъатда аввалгидек фаол эмаслиги ва асосий эътиборини ишлаб чиқариш соҳасига қаратганининг сабабларини тушунтириб берди.
— Икки марта оила қурдим, аммо турмуш ўртоқ борасида омадим келмади. Икки нафар фарзандим бор, улар учун етарли шароитни яратиб беришим керак. Афсуски, одамлар ўйлагиндек шоу-бизнесда пул йўқ. Шунинг учун кўп хонандалар санъатдан ташқари, тадбиркорлик билан ҳам шуғулланишади. Онам аслида тикувчи, бу соҳа аслида оиламизга бегона эмас. Ишлаб чиқариш билан шуғулланишни иккинчи қизимнинг отаси тавсия қилганди. Аммо биров маслаҳат бергани билан у бизнесни йўлга қўйиш ниҳоятда қийин. Ҳозирги кунда текстиль брендига эгаман, нафақат маҳаллий, балки импорт учун ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз.
Санъатдан кетганим йўқ, шунчаки уни ривожлантириш учун ҳам бизнес қилишимга тўғри келяпти. Санъат молиявий жиҳатдан ўз-ўзини қоплаши қийин, — дейди хонанда Ягона.