19:29 / 20.07.2023
356

Андрей Лошак уруш, вагнерчилар ва ҳозирги Россия ҳақида гапирди

Андрей Лошак уруш, вагнерчилар ва ҳозирги Россия ҳақида гапирди

Россиялик таниқли журналист Андрей Лошак Kun.uz мухбири билан суҳбатда уруш туфайли Россияни тарк этган интеллигенция, одамларнинг кайфияти ва ҳозирги Россия ҳақида гапириб берди. У уруш оилаларни қандай вайрон қилгани ҳақида «Узилган алоқалар» ҳужжатли филмини суратга олган; Россия уни «хорижий агентлар» рўйхатига киритган.

Журналист Kun.uz мухбири билан суҳбатда айрим саволларга жавоб берди.

Андрей Лошак: Узилган алоқалар

Андрей Лошак – россиялик таниқли журналист. Россия Украинга бостириб кирганидан кейин мамлакатни тарк этган. 2022 йилда Current Time телеканали билан ҳамкорликда Россиянинг Украинага босқини Россиядаги оилаларни қандай вайрон қилгани ҳақида «Узилган алоқалар» («Разрыв связи») номли ҳужжатли филм суратга олган. Филмда яқин одамларнинг бир-бирлари билан мулоқот қилиш ва эшитишни тўхтатгани ва рус телевидениесидаги жангари риториканинг оилалар ичидаги шахсий муносабатларга таъсири ҳикоя қилинади.

Икки ой давомида муаллиф Россияда ва хорижда яшовчи етти оиладаги муносабатлар динамикасини ўрганди. Филмда муаллиф она ва бола, эр ва хотин, ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирларига эмас, балки шубҳасиз телевизорга ишониши кўрсатилган. У ахборотни танқидий идрок қилишни унутган жамият бир қисмининг шафқатсиз ташхиси, шунингдек, телевизор ёқилиб Россия каналлари қўйилган пайтда оила аъзолари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиб бўлмаслигининг аянчли исботидир.

2023 йилда Россия адлия вазирлиги Андрей Лошакни «хорижий агентлар» реестрига қўшди. Вазирлик уни хориж агентлари томонидан материалларни яратиш ва тарқатишда иштирок этган, Россия давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ва уларнинг сиёсати, шу жумладан, мудофаа вазирлиги фаолияти тўғрисида «салбий маълумот» тарқатган деб баҳолади. Шунингдек, Украинадаги урушга қарши чиққан ва «хорижий тузилмалар билан фаол ҳамкорлик қилгани» иддао қилинди.

– YouTube орқали Россияда қолган ватандошларингиз билан мулоқот қилишингизни айтасиз, уларнинг ҳозирги кайфияти қандай, нималарни ҳис қилишяпти?

– Ҳозир Россиядагилар билан тўғридан тўғри мулоқот йўқ. Уларнинг кайфиятини, кечинмаларини видеоларим остидаги изоҳлардан била оламан. Одамлар «Разрыв связи» филмидан жуда миннатдорлигини кўряпман. Филмда деярли барча россияликлар учун оғриқли масала кўтарилган.

Бу ҳақда телевизорда гапирилмайди. Филмни кўриб уларнинг дардини ҳис қила оладиган кимдир борлигини ҳис қилишади, шу сабабли видеолар остида қолдирилган изоҳларнинг ярми ташаккур ва раҳматлардан иборат. «Раҳмат, менда ҳам шундай ҳолат» деб ёзишади.

– Россияни тарк этгач, қандай фаолият олиб боряпсиз. Россия ичида бўлмай туриб, қандай қилиб филмлар суратга оляпсиз?

– Ҳозир мен Current Time канали билан ҳамкорликда филмлар суратга олишни давом эттиряпман. Россияда суратга олишим керак бўлган бир неча лойиҳаларим бор. Улардан бирининг монтаж жараёни деярли якунига етди. Россияда суратга олинадиган қисмини якунласак, филм тайёр бўлади. Бу филм Россия ҳақида, мамлакат ичида ҳали ҳам у ерда яшаб ишлаб юрган россияликлар томонидан суратга олинган.

Ҳозирча Россияда бундай схема асосида ишлашимни қўллаб-қувватлайдиган ва бунда менга ёрдам берадиган одамлар бор. Шу сабабли Россия ичидан филм суратга олиш имкониятим бор ва мен буни қиляпман.

– Уруш бошлангач, Россияни тарк этган рус интеллигенциясининг психологик ҳолатини акс эттирадиган филмлар суратга олиш ниятингиз борми?

– Ҳозирча кетганлар ҳақида бирор филм суратга олиш режамда йўқ деб айта оламан. Аммо мен бу мавзуга кейинроқ қўл уришим мумкин. Масалан, «бомбардимон қилинган» ва бир қисми Россияда қолган Яндекс компанияси ҳақида филм суратга олиш ғоям бор.

Айтиш керак-ки, компания Россиядаги айти компаниялар флагмани, бошқа исталган давлатда катта муваффақият тарихига эга бўлиши мумкин бўлган компания ҳозир шунчаки йўқ қилиб юборилди. Компания таъсисчиси Исроилга кетди, жамоа тақдири эса унга боғлиқ эди. Афсуски, бу умидларнинг барчаси йўқ қилинди. Шундай филмни суратга олиш режам бор, аммо қачон билмайман, аниғи шу-ки, бу ғоям тез орада амалга ошади.

Маълумот учун, Украина босқинидан 7 кун ўтгач, Google қидирув тизимининг Россиядаги рақобатчиси саналган Яндекс компанияси таъсисчиси Владимир Белугин оиласи билан мамлакатни тарк этади. Уруш туфайли, 2022 йилда 100 мингдан зиёд айти мутахассислари ва 1000 дан ортиқ хориж компаниялари Россиядан чиқиб кетди.

 «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожиннинг ҳаракатларини қандай баҳолайсиз? Бу ҳокимият учун кураш эдими ёки бошқа мақсадлар бор эдими?

– Бундан асосий мақсад нима эди мен билмайман. Шу сабабли мен ҳар икки томонни кузатган одам сифатида фикр билдира оламан. Менимча, бу кейснинг моҳияти оддий. Зўравонлик давлат сиёсатининг бир қисмига айланиб бўлганди. Тўғри, бу зўравонлик аввалига ичкарида бошланди, бу мухолифатни бостириш, йўқ қилиш ва ҳаказоларда кўринди. Кейин у ташқи сиёсатга кўчди, зўравонлик қонунийлаштирилди.

«Вагнер» ўзи нима – «Вагнер» бу қотиллар отряди, унга қотилликни қонуний амалга оширишга рухсат бериб қўйилган ва бунинг учун уларга жуда яхши ҳақ тўланади. Аслида бу нарса қандай бошланади? Давлат сиёсатининг бир қисми сифатида қандайдир ички қарама-қаршилик бор эди ва бу муқаррар воситага айланди. Бунинг учун тайёр армия – «Вагнер» бор. Уларнинг ҳам ўзининг қандайдир манфаатлари бор, «Вагнер» бу манфаатлари доирасида кимдир томонидан хафа қилинганини ҳис қилди. Яъни ўша кимдир мудофаа вазири Сергей Шойгу эди.

Кейин улар зўравон тилида гаплашишни бошлашди. Бу мен учун бандитларнинг «разбори»дан бошқа нарса эмас. Россия ривожланиш ўрнига орқага қайтишни бошлади, биз бандитлар кўчада «разбор» қиладиган 90-йиллардаги аҳволимизга қайтгандекмиз.

Улар қонли тўқнашув уюштиришди. Ўйлайманки, ҳақиқатан Россия ҳозир кўп одамлар зўравонлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунинг учун яхши маош олиши мумкин бўлган тартибсизлик ва принципиал чегара бўлмаган ҳолатда.

Аммо бу ҳол эътибордан четда қолмайди, бу қонунсизлик бир нуқтада Украинада қайта бошланганидек, тугайди ва Россияда бошланади. Шу маънода Путин хавфли таваккал қиляпти. Бу уруш одамни ақлдан оздиришининг яна бир сабабларидан, чунки уруш одамнинг ўз оёғи остига бомба қўяди.

Мадина Очилова суҳбатлашди


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Андрей Лошак уруш, вагнерчилар ва ҳозирги Россия ҳақида гапирди