10:07 / 13.12.2023
639

Ёш хонанда Ёдгора Ғойипова “Артист” лойиҳаси ижодкорларидан нега ранжиди?

Ёш хонанда Ёдгора Ғойипова “Артист” лойиҳаси ижодкорларидан нега ранжиди?

Фото: “Дарё”

“Дарё”нинг YouTube’даги каналида “Артист” лойиҳасидаги иштироки билан томошабинларга яхши таниш бўлган ёш хонанда Ёдгора Ғойипова билан интервью ташкил қилинди. Ёш ижодкор нега лойиҳадан кетгани, Озодбек Назарбековнинг танқиди ва отасининг бевақт ўлими билан боғлиқ саволларга жавоб берди.

— Оиламизда санъаткорлар бўлгани учунми болаликдан санъатга қизиққанман. Ота томондаги бобом санъат билан шуғулланган. Онамнинг ёрдами билан 12 ёшимда санъатга кириб келганман. Илк клипимни олиб, телевиденияларга берганмиз. Продюсерим онам бўлган, аммо клип тарғиботи қандай бўлишини билмаган.

Мактабдаги тадбирларда фаол иштирок этардим. Бир куни синфдош дугонам актёрлик маҳорати бўйича курс очилгани ҳақида айтиб қолди. Шунчаки қизиқиб бордим ва бир неча ой давомида Бекзод Мирзаевдан дарс олдим. Ўша ерда бир шоира опа билан танишиб қолдим. У киши менга она ҳақида шеър ёзиб берди. У инсоннинг ёрдамида бастакорлар билан танишиб, мусиқа ёздирганмиз. Унгача бастакор ва мусиқий безакчилар нима иш қилишини ҳам билмасдим.

Онам санъаткор бўлишимга жиддий қаршилик қилган. Анча вақтгача санъаткор бўлиш қароримдан қайтаришга уринган. “Ҳамма санъаткор ёмон эмас-ку, ҳамиша ёнимда бўласиз”, деб аранг кўндирганман, — дейди ёш ижодкор.

Ёдгора Ғойипова отасиз бўлса-да, қийинчилик кўрмай улғайгани ҳақида гапирди.

— Дадам раҳматли мен туғилмасимдан аввал вафот этган, ёдгорлик қолди деб менга Ёдгора исмини қўйишган. Дадамнинг айнан нима сабабдан вафот этганини билмайман, умри қисқа экан. У инсонни фақат расмда кўрганман холос. Шу боис, у инсоннинг йўқлиги у қадар сезилмаган. Агар у инсонни кўрганимда жуда қийин бўларди. Онам икки фарзанд билан қолган ва аёл боши билан бизни кам-кўстсиз улғайтиришга ҳаракат қилган. Болаликдан дунё кезганмиз, кўрмаган давлатимиз қолмаган десам бўлади. Онам тадбиркорлик билан шуғулланади, қайси бренднинг кийими ёки телефонини хоҳласак ҳеч қачон рад жавобини олмаганмиз. Ижодда ҳам продюсерим онам, — дейди Ёдгора Ғойипова.

Ёш хонанда “Артист” лойиҳасида иштирок этиши ва нега улардан ранжигани ҳақида гапирди.

— Лойиҳада ғолиб бўлиш учун иштирок этмаганман. Шунчаки ўзимни катта саҳнада синаб кўриш учун борганман. Бундай лойиҳаларда ғолиб бўлганни эмас, аксинча мағлубиятга учраганларни кўпчилик танийди. Кастингда икки мингта талабгор иштирок этди ва улардан 50 таси танлаб олинди. Кейин яна 20 та саралаб олинди. Еттита сонида иштирок этдим, аммо охирги сонларида аллергиям қўзиб, иштирок этиш ҳам ёқмаган. Шу боис лойиҳадан кетишга қарор қилганман ва бу ҳақида саҳнада айтганман. Лекин монтажда гапларим кесиб ташланган ва “Етарли овоз тўплолмагани учун лойиҳадан четлаштирилди”, деб гапирилган. Аслида вазият бутунлай бошқача бўлганди. Шу боис, кўрсатув ижодкорларидан бир оз ранжиганман, — дейди Ёдгора.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ёш хонанда Ёдгора Ғойипова “Артист” лойиҳаси ижодкорларидан нега ранжиди?