00:13 / 14.11.2024
10

Бурак Ўзчивит мухлисларини қизиқтирган саволларга жавоб берди

Бурак Ўзчивит мухлисларини қизиқтирган саволларга жавоб берди
“Муҳташам юз йил”, “Севги изтироби”, “Чолиқуши” сериалларидаги роллари билан танилган актёр Бурак Ўзчивит Россияда бўлиб ўтган “Знание. Первые” (“Билим. Биринчи”) номли марафонига таклиф этилди. Бутунжаҳон ёшлар фестивали доирасида бўлиб ўтган тадбирда турк сериаллари юлдузининг қизиқарли саволларга берган жавобларини келтириб ўтамиз.

Фото: Fest2024.com
— Бурак, миллионлаб аёллар сизни яхши кўришларини биласизми?
— Ҳа, (кулади) мен ҳам уларни жуда яхши кўраман.

— Сизнингча, нега турк сериаллари бу қадар машҳур бўлиб кетди? Менимча, айнан “Муҳташам юз йил”дан кейин Туркияга сайёҳлар оқими кўпайди.
— Тўғри айтасиз. Аслида кино жуда муҳим ахборот манбаи. “Муҳташам юз йил” сериали турк кинематографияси тарихида чинакам бурилиш даврини бошлаб берди. Унинг турли мамлакатларда бирдек машҳурлиги бутун дунёдаги инсонларнинг ҳис-туйғулари қанчалик ўхшаш эканлигини тасдиқлади. Сериаллар орқали биз барчага ўзига хос севги хабарини йўллашимиз мумкин. Ўйлайманки, бу туйғу ҳар бир юракка етиб бориш имконини беради.

Фото: Fest2024.com
— Жорий йил “Арчалар” фильмида суратга тушдингиз. Бу мамлакатимизда катта қизиқиш билан кутилаётган анъанавий Янги йил байрами сериалидир. Россиялик ҳамкасблар билан ишлаш сизда қандай таассуротлар қолдирди?
— Ҳаётимда биринчи ўриндаги нарса бу оила, иккинчиси қўшнилар билан яхши муносабат қуриш. Қўшнилар бир-бири билан доимий мулоқотда бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Биз меҳримизни аввало оиламизга, кейин қўшниларимизга улашамиз. Россия Туркиянинг энг яқин қўшниларидан биридир. Шу боис, “Арчалар” фильмида суратга тушишни таклиф қилишганда мен дарҳол рози бўлдим. Афсуски, кунлик иш жадвалим жуда банд бўлгани учун мен кичик рол ижро этишга мажбур бўлдим. Таассуротларга келсак, мен Туркияда суратга олиш ишлари билан бу ердаги сёмка жараёнида фарқни сезмадим.

— Болалигингизда Бетмен бўлишни истаган экансиз. Бизда ҳамма актёрлар Гамлетни ўйнашни орзу қилади, деган ҳазил бор. Сиз қандай ролни ижро этишни доим истагансиз?
— Гамлет? Бу образ сизлар учун энг қизиқарли эканини билмас эдим. Бизда эса Бали Бей ролини ижро этиш супер қаҳрамон Бетменга айланишни англатади. Севимли ролларимдан бири бу “Севги изтироби” сериалидаги Камолдир. Аммо шунга қарамай, мен бу ролга қайтишни истамайман.

— “Севги изтироби” сериалидаги қаҳрамонингиз жуда кўп кўз ёш тўкади. Сиз тинмай ва соатлаб қандай қилиб йиғлайдиган образда бўлгансиз?
— Бу, албатта, қийин бўлган (кулади). Биламан, кўпчилик эркаклар йиғламайди, деб ҳисоблашади. Туркияда ҳам, лекин шунга қарамай, биз ўз ҳис-туйғуларимизни тез-тез намоён қилишимиз мумкин. Менинг қаҳрамоним севгисини узоқ вақт излаган, аммо унга ҳеч қачон эриша олмай вафот этган. Бу аянчли воқеа ҳар кимни йиғлатади.

Фото: Fest2024.com
— Бугунги кунда сиз дунёга машҳур юлдузсиз. Кино оламига бўлган саёҳатингиз қандай бошланган?
— Шоу-бизнес соҳасига модел сифатида кириб келганман. Бир куни менга сериалда рол ўйнашни таклиф қилишди. Бу 24 йил аввал бўлган эди. Кўпчилигингиз мени “Муҳташам юз йил” сериалидан биласиз. Аммо бунгача ўн тўрт йил давомида турли лойиҳаларда иштирок этганман ва кўплаб синовли кунларни бошимдан ўтказганман. Бу актёрлик касбида ўзликни англаш учун кўп ўқиш, ўрганиш ва тажриба орттириш керак бўлган. Сиз қайси соҳани танлашингиздан қатъи назар, доимо ишнинг боши мураккаб ва синовларга тўла бўлади. Дастлабки йиллардаги қийин даврдан ўтиб олгач, профессионаллик даражасига қадам ташлай бошлайсиз ва ҳозирда мушкул бўлиб туюлган нарса келажакда сизнинг кучингизга айланади. Шунинг учун, тўсатдан қийинчиликлар пайдо бўлса, орзуингиздан, мақсадингиздан воз кечмаслигингиз керак.

— Суратга тушиш ишларидан кейинги чарчоқни унутишга нима ёрдам беради?
— Оиламнинг ёрдамисиз ҳеч қачон бундай юкка дош беролмаган бўлар эдим. Аёлим ҳам актриса, у менинг ишим билан боғлиқ барча нарсани яхши тушунади. Агар ҳаётимда оилам бўлмаганида қандай яшашим мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман.

— Мухлисларнинг эътибори сизни чарчатмаяптими?
— Мухлисларнинг эътибори ва эътирофи ишимизнинг ажралмас қисмидир. Ролларим кўплаб инсонларнинг қалбига етиб бораётганини кўрганда доимо хурсанд бўламан ва тўғри йўлда кетаётганимга яна бир бор амин бўламан.

— Бурак, сизни яхши кўрадиган аёлларнинг турмуш ўртоқлари сиздан аёлини яширинча бўлса ҳам, рашк қилади. Аёллар қалбидан жой олиш нима қилиш керак?
— Мен бу билан йигирма йилдан бери шуғулланаман. Албатта, бу ҳазил (кулади). Жиддий гапирадиган бўлсак, энг муҳими табиий бўлиш, ўзингизни бошқача тутишга уринмаслик ва самимий бўлишдир. Бу одамларни бирлаштиради ва уларни ўзига жалб қилади. Мен учун самимийлик бебаҳодир.

— Ижодий режаларингиз қандай?
— Ҳозирда мен “Ҳукмдор Усмон” сериалида ишлаяпман. Бу жуда жиддий лойиҳа бўлиб, тахминан яна бир-икки йил давом этиши режалаштирилган.

— Турк сериалларини томоша қиласизми?
— Мен ҳафтада олти кун ишлаганим учун бор-йўғи бир кун дам оламан ва у кунни оилам билан ўтказаман. Шунинг учун мен турк сериалларини ҳам кўрмайман. Ҳатто ўзим ўйнаган эпизодларни томоша қилиш учун вақтим етарли бўлмайди. Ростини айтсам, мен учун томошабиннинг ҳаётдаги энергияси муҳим, шу сабабли сериалларни томоша қилишдан кўра улар билан юзма-юз учрашишни афзал кўраман.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Бурак Ўзчивит мухлисларини қизиқтирган саволларга жавоб берди