Фото: Дунё
Япониялик таниқли қўшиқчи ва созанда Машу Комазаки "Ўзбек маданияти элчиси" этиб тайинланди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Япония ўртасида маданий алоқаларни янада кенгайтириш, юрт бой маданий мероси, хусусан миллий мусиқаси ва куйларини кунчиқар мамлакатда кенг тарғиб қилиш мақсадида мамлакат элчихона томонидан Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Мамлакат элчихонаси томонидан Машу Комазакини Япониядаги "Ўзбек маданияти элчиси" этиб тайинлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, япон жамоатчилигини юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан таништиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Комазаки Машуга "Ўзбек маданияти элчиси" кўкрак нишони ва сертификати тантанали равишда топширди.
Элчи "Ўзбек маданияти элчиси" деган мақом биринчи бўлиб Япония фуқаросига берилгани, албатта Ўзбекистон ҳукумати томонидан Япония билан маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг тасдиғи эканлигини таъкидлади. Ушбу юксак мақом Комазаки Машуга Японияда Ўзбекистон маданияти ва санъатини янада тарғиб қилишида кенг имкониятлар очилиши қайд этилди.
Машу Комазаки бундай шарафли мақомни хорижий фуқаролар орасида биринчи бўлиб олганидан бениҳоя бахтли эканлигини билдириб, юксак ишонч учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Машу Комазаки Токио шаҳрида туғилган. 2010 йилда Токио мусиқа университети фортепиано факультетини тамомлаган. 2015-2017 йилларда Япониянинг хориждаги ҳамкорлик кўнгиллилари (JOCV) дастури бўйича Бухоро шаҳридаги ўрта умумтаълим мактабида мусиқа ўқитувчиси сифатида ишлаган. Ўзбекистондаги фаолияти давомида ўзбек миллий мусиқа асбоблари, хусусан дутор чалишни ўрганган. У 2018 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Биринчи халқаро мақом санъати анжуманида ўзбек дуторида "Сунбула" куйини ижро этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. 2024 йилда ўтказилган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали ва "Бойсун баҳори" халқаро фолклор фестивалида ҳам фахрли учинчи ўринни қўлга киритган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар