date
views 242

Фаррух Зокировга Москвада эътироф: “Дўстлик” ордени билан тақдирланди

Фаррух Зокировга Москвада эътироф: “Дўстлик” ордени билан тақдирланди
Ўзбекистон халқ артисти, афсонавий “Ялла” ансамблининг бадиий раҳбари Фаррух Зокиров Россия Федерациясининг нуфузли давлат мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Ушбу мукофот маросими 28 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Россия Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг маданият масалаларига бағишланган бешинчи мажлиси доирасида ўтказилди.

Маданий алоқаларни янада ривожлантириш, икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилган фаолияти учун тақдим этилган ушбу орденни Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Россия маданият вазири Ольга Любимова тантанали равишда топширди.

Фаррух Зокиров сўнгги ўнлаб йиллар мобайнида нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида ҳам кенг эътироф этилган ижодкор сифатида танилган. Унинг “Ялла” ансамблидаги фаолияти, халқона тароналари ва мусиқа орқали халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси катта аҳамиятга эга бўлди.

Маросим давомида икки давлатнинг маданият вазирлари ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Улар, жумладан, театр, кино, санъат ва мусиқа соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ижодий алмашинувлар ва ёшлар ўртасидаги маданий мулоқотни кенгайтириш зарурлигини қайд этишди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь ойида Россия президенти Владимир Путиннинг махсус фармонига биноан, Фаррух Зокиров ҳамда “Ўзбекконцерт” ҳонандаси Севара Назархон “Дўстлик” ордени билан тақдирланган эди. Ушбу орден Россия Федерациясида 1994 йилдан буён фаолияти давомида турли миллат ва халқлар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, фан, маданият, санъат ва гуманитар соҳаларда катта ҳисса қўшган шахсларга берилади.

Фаррух Зокировнинг ушбу юксак эътирофи нафақат ижодий мероси учун, балки бутун Ўзбекистон маданияти учун ҳам фахрли воқелик сифатида таърифланмоқда. Унинг ижодий йўли, нафақат дўстлик тимсоли, балки икки халқ ўртасидаги маданий кўприк сифатида ҳам тарихда қолади.

© Маданият вазирлиги
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Фаррух Зокировга Москвада эътироф: “Дўстлик” ордени билан тақдирланди