29-июл куни Ўзбекистон Маданият вазирлиги биносида вазир Озодбек Назарбеков раҳбарлигида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси ўринбосари Элмурод Нажимов, шунингдек, марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмалар вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг амалдаги директори Рамиз Усмонов бошқа лавозимга ўтгани муносабати билан, янги раҳбар — Алибек Кабдурахмонов тайинлангани эълон қилинди ва у жамоага таништирилди.
Вазир Озодбек Назарбеков Алибек Кабдурахмоновга фаолиятида юксак муваффақиятлар тилади ҳамда унинг билим ва тажрибаси театр ривожига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Шунингдек, биринчи ўринбосар Авазхон Таджиханов ҳам янги раҳбарни самимий қутлаб, унга маданият соҳасида катта муваффақиятлар ёр бўлишини тилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!