Британия телеканаллари тарихида ўчмас из қолдирган, кулги ва камтарлик тимсолига айланган Mr. Bean сериалини билмаганлар жуда кам. Rowan Atkinson ва Richard Curtis томонидан яратилган ушбу ситком бир қарашда оддий кўринса-да, ўзида катта маҳорат ва фантазияни мужассам этган.
Mr. Bean образи Rowan Atkinson томонидан Оxford университетида магистратурада ўқиётган пайтида яратилган. У катта ёшли инсон танасидаги бола сифатида тасвирланади ва сериал жараёнида у кундалик ҳаётдаги оддий муаммоларни ўзига хос услубда ҳал қилган ҳолда, кўпинча атрофдаги одамларга ғалати ва кулишли ҳолатлар туғдиради.
1990 йил 1 январда ITV телеканалида намойиш этилган пилот қисми орқали бошланган сериал 1995 йил 15 декабрда “The Best Bits of Mr. Bean” деб номланган сўнги қисм билан якунланган. Жами 15 қисмдан иборат бўлган сериалнинг ҳар бир қисми Rowan Atkinson, Richard Curtis ва Robin Driscoll ҳамкорлигида ёзилган. Пилот қисмида эса Ben Elton ҳам муаллиф сифатида иштирок этган.
Mr. Bean сериалининг юмори кўпинча жисмоний ҳаракатларга асосланган. Унда кўп гап-сўз бўлмаса-да, ҳаракатлар орқали томошабинга мазмун етиб боради. Бу эса уни инглиз тилини яхши билмайдиган аудитория учун ҳам тушунарли ва қизиқарли қилади. Жак Тати каби машҳур жисмоний комедия актёрлари ва сукутдаги фильмлардан илҳомланган ушбу сериал кўпчиликка бирдай ёқди.
Сериалнинг “The Trouble with Mr. Bean” деб номланган қисми 18.74 миллион томошабин тўплаган. У жаҳон бўйлаб 245 та ҳудудда сотилган ва бир қатор халқаро мукофотларга, жумладан, Rose d’Or мукофотига сазовор бўлган. Кейинчалик мультфильм шаклидаги спин-офф, икки тўлиқ метражли фильм ва 2012 йилги Лондон Олимпиадаси очилиш маросимида Atkinson томонидан қайта жонланган саҳна ҳам яратилган.
Mr. Bean бренди нафақат телевидион сериал сифатида, балки реклама роликлари, Comic Relief учун тайёрланган махсус кўрсатувлар ва саҳна чиқишлари орқали ҳам ўз нуфузини сақлаб қолмоқда.
Кичик сўзлар билан катта таассурот қолдириш, ҳеч бир тилга муҳтож бўлмасдан кулгу улашиш – мана шу Mr. Bean сиридаги энг асосий жиҳатдир.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!