Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Коканд Университети хусусий таълим муассасасига оид видеороликдаги чиқишига расмий изоҳ берилди.
Вазирликнинг маълум қилишича, Назарбеков ва мазкур университет ўртасида ҳеч қандай реклама ёки хизмат кўрсатишга оид шартнома мавжуд эмас. Яъни, бу чиқиш расмий реклама сифатида эмас, ижтимоий-маърифий йўналишдаги ахборот сифатида баҳоланади.
Маълумотларга кўра, жорий йил 17-апрел куни Озодбек Назарбеков Андижонда университет талабалари билан учрашув ўтказган. Талабаларнинг сўрови асосида вазир ёшларга ушбу университетда таълим олиш имконияти ҳақида ўз фикрларини билдирган.
Вазир абитуриентларга “ушбу имкониятдан фойдаланиб, таълим олишни” тавсия қилган. Бу чиқиш даромад мақсадида қилинмагани, балки илмий-маърифий тарғибот асосида амалга оширилгани қайд этилмоқда.
Маданият вазирлиги бу ҳолатда “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари қўлланилмаслигини, чунки ҳеч қандай тижоратий шартнома мавжуд эмаслигини яна бир бор таъкидлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!