Француз киноси рамзига айланган Брижит Бардо ҳаётдан кўз юмди

Франсуз ва жаҳон киноси тарихида ўчмас из қолдирган актриса Брижит Bardо 91 ёшида, 28 декабр куни Франсиянинг Сен-Тропе шаҳридаги уйида вафот этди. У 1950–1960 йиллар киноси рамзига айланган ва 1956 йилда экранларга чиққан "Ва Худо аёлни яратди" филми орқали жаҳон миқёсида шуҳрат қозонган. Брижит Bardо 21 йиллик ижодий фаолияти давомида 47 та филмда рол ижро этиб, 1973 йилда кинони тарк этган.
Француз ва жаҳон киноси тарихида ўчмас из қолдирган актриса Брижит Бардо 91 ёшида оламдан ўтди. У 28 декабрь куни Франциянинг Сен-Тропе шаҳридаги уйида вафот этган. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.
1950–1960 йиллар киноси рамзига айланган Брижит Бардо нафақат актриса, балки бутун бир авлод учун эркинлик, гўзаллик ва жасорат тимсоли сифатида танилган. Унга 1956 йилда экранларга чиққан "Ва Худо аёлни яратди" фильми жаҳон миқёсида улкан шуҳрат олиб келган.
Актриса ўзининг 21 йиллик ижодий фаолияти давомида 47 та фильмда рол ижро этган. 1973 йилда, машҳурликнинг энг юқори чўққисига чиққан пайтида, Бардо кинони тарк этишга қарор қилган. Бу қарор у пайтда жамоатчилик учун кутилмаган бўлган.
Мутахассислар ва кинотанқидчилар унинг "Ҳақиқат" (La Vérité, 1960) фильмидаги ролини актриса сифатидаги энг кучли ишларидан бири деб ҳисоблайди. Ушбу драматик асарда Бардо судланаётган аёл образини жуда таъсирчан ва ишонарли тарзда гавдалантирган.
Бундан ташқари, у қуйидаги машҳур фильмлар билан ҳам томошабинлар хотирасида қолган:
— "Вива Мария!" (1965) — Жанна Моро билан бирга ижро этилган саргузаштли комедия;
— "Бахтсизлик юз берган тақдирда" (1958) — Жан Габен билан биргаликда суратга тушган драма;
— "Парижлик қиз" (1957) — актрисанинг комедик маҳоратларини намоён этган асар.
Кинодан кетганидан сўнг, Брижит Бардо ҳаётини жониворлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлади. У ўз номи билан аталувчи хайрия фондини ташкил этган ва бутун дунёда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликка қарши фаол кураш олиб борган.































Изоҳлар 0
…