Блогер Ҳаби Лейм деярли 1 млрд долларлик келишув билан бозорни ларзага солди

TikTok’нинг энг машҳур блогерларидан бири, 270 миллион обуначига эга Ҳаби Лейм “Step Distinctive Limited” компаниясидаги улушининг бир қисмини Американинг “Rich Sparkle Holdings” фирмасига 975 миллион долларга сотди. Бу сумма тахминан 11,7–12,7 триллион сўм атрофида (курсга қараб) баҳоланади. Битим блогернинг келгуси даромад модели бутунлай янгича шаклга ўтишини англатмоқда.
Келишув шартларига кўра, кейинги уч йил давомида харидор томон Ҳаби Леймнинг дунё бўйлаб даромад келтирадиган йўналишлари бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга бўлади. Яъни реклама, лицензиялаш, бренд остидаги маҳсулотлар савдоси ва бошқа монетизатсия каналлари бир марказдан бошқарилиши кўзда тутилган. Натижада блогернинг даромади энди алоҳида реклама шартномаларидан кўра, унинг номи атрофида қурилган бизнеснинг умумий муваффақиятига кўпроқ боғланади.
Битимнинг энг диққатга сазовор томони — Ҳаби Лейм сунъий интеллектга асосланган “рақамли эгизак” яратишга розилик бергани экани айтилмоқда. Унинг юзи, овози ва хатти-ҳаракатларини такрорлай оладиган бу СИ нусха турли тилларда доимий эфирлар олиб бориши, контент ишлаб чиқариши ва тижорат фаолиятида иштирок этиши мумкин. Компания буни контент ва электрон тижоратни глобал миқёсда уйғунлаштирадиган янги модель, дея баҳолаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!