“Зумрад ва Қиммат” саҳна талқинида намойиш этилди

“Зумрад ва Қиммат” эртаги яна бир бор саҳнада жонланди. “Паризод” рақс мактаби томонидан Касаба уюшмалари саройида 2 июн куни намойиш этилган саҳна асари томошабинларга унутилмас таассурот улашди.
Мазкур концертда миллий рақслар, театр элементлари ҳамда замонавий саҳна ечимлари уйғунлашиб, ўзига хос бадиий муҳит яратилди. Иқтидорли раққосалар томонидан ижро этилган чиқишлар, ранг-баранг саҳна безаклари ва образлар уйғунлиги меҳмонлар томонидан катта олқишлар билан кутиб олинди.
Саҳна асарида бош ролларни маҳоратли ижодкорлар гавдалантирди. Хусусан, Қимматнинг онаси образини Хосият Хусанова, Зумраднинг отаси ролини Баҳодир Нишонов ижро этди. Шунингдек, Қиммат образини Саъдия Сафарова, Зумрад ролини эса Эъзоза Сафарова маҳорат билан саҳнага олиб чиқди.
Айниқса, эртак қаҳрамонларининг саҳнадаги талқини, мусиқа ва рақс орқали етказилган ҳиссиётлар томошабинларни бефарқ қолдирмади. Концертнинг биринчи куни якунланган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда томошабинлар ўз таассуротларини фаол тарзда улашиб, илиқ фикр ва эътирофлар билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу саҳна дастури 2 кун давом этади — 2 ва 3 июн кунлари томошабинлар учун намойиш этилади.





























Изоҳлар 0
…