«Президент оиласига яқинман»: жиноий схема тузган уюшган гуруҳга ҳукм ўқилди

Андижонда ўзини «президент оиласига яқин шахс» сифатида таништириб, лавозим, йирик шартнома ва суд ишларини ҳал қилишни ваъда қилган уюшган гуруҳ аъзоларига ҳукм чиқарилди.
Суд ҳужжатларига кўра, улар бир неча йил давомида турли фуқароларнинг ишончига кириб, юз минглаб доллар маблағни фирибгарлик ва товламачилик йўли билан қўлга киритган. Гуруҳ раҳбари 10 йил 7 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Жиноий схема қандай ишлаган?
Kun.uz танишган суд ҳукмида қайд этилишича, гуруҳга Сирдарё вилоятида яшовчи, муқаддам судланган 44 ёшли Ж.Н. раҳбарлик қилган.
Уюшган гуруҳ таркибида андижонлик Ш.М. ва М.З., жиззахлик Д.Ж. ҳамда бошқа шахслар бўлган.
Ж.Н. ўзини «президент оиласига яқин шахс» сифатида кўрсатган. Қолган иштирокчилар эса пул эвазига лавозимга тайинлаш, шартнома олиб бериш, суд ишини ҳал қилиш ёки ер масаласини ўзгартиришни истаган «мижозлар»ни топган.
Сўнг фуқаролар Ж.Н. билан учраштирилиб, масалани юқори даражада ҳал қилиш мумкинлигига ишонтирилган.
Лавозим учун 25 минг доллар сўралган
2021 йил баҳорида гуруҳ М.Д.ни Асака туманидаги корхоналардан бирига раҳбар қилиб тайинлашни ваъда қилган.
Бунинг эвазига ундан 25 минг доллар талаб қилиниб, 10 минг долларини олдиндан бериш шарти қўйилган.
Суд материалларига кўра, Ж.Н. пул берилмаса, фуқаро ва унинг оиласи учун «яхши бўлмаслиги»ни айтиб таҳдид қилган. Натижада М.Д. ўзига тегишли Captiva автомобилини 10 минг долларга сотишга мажбур бўлган.
Олинган маблағ гуруҳ аъзолари томонидан шахсий эҳтиёжларга сарфланган.
280 млрд сўмлик шартнома ваъда қилинган
2022 йил декабрида поезд ва вагонлар учун эҳтиёт қисмлари импорт қилувчи тадбиркор Д.Д. гуруҳ тузоғига тушган.
Унга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан 280 млрд сўмлик шартнома тузиб бериш ваъда қилинган. Шу баҳонада тадбиркордан бўлиб-бўлиб жами 119,5 минг доллар олинган.
2023 йил февраль ойида эса унга Toyota Land Cruiser 200 автомобилини 75 минг долларга сотиш таклиф қилиниб, олдиндан 45 минг доллар олинган.
Янги Тошкентда уй қуриш учун пул олинган
Навбатдаги эпизод Россия фуқароси В.А. билан боғлиқ.
Ж.Н. унга Янги Тошкент ҳудудида ер майдонлари борлигини, у ерда кўп қаватли уйлар қуриб, катта даромад олиш мумкинлигини айтган.
Қурилиш учун рухсатнома ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш баҳонасида 100 минг доллар сўралган. В.А. харажатлар учун олдиндан 40 минг доллар берган, бироқ маблағ шахсий мақсадларда ишлатилган.
Фермерларга ҳам «ёрдам» ваъда қилинган
Гуруҳ фаолиятида фермер хўжаликлари билан боғлиқ бир нечта эпизод ҳам аниқланган.
2025 йил февраль ойида Хоразм вилояти Гурлан туманидаги фермер хўжалиги раҳбарига ерларни қайтариш бўйича суд ишини ижобий ҳал қилиш ваъда қилинган. Бунинг учун ундан 14 минг доллар олинган.
Бошқа бир фермерга эса хўжалик ерлари ихтисослигини пахтачиликдан шоличиликка ўзгартириш ваъда қилиниб, 44 минг доллар қўлга киритилган.
Гуруҳ раҳбари 10 йил 7 ойга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг 2026 йил 12 мартдаги ҳукми билан судланувчилар товламачилик, фирибгарлик ва пора бериш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Уюшган гуруҳ раҳбари Ж.Н.га 10 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бошқа судланувчилар ҳам турли муддатларга қамалди.
Апелляция инстанцияси биринчи босқич судининг жазога оид қисмини ўзгаришсиз қолдирди.































Изоҳлар 0
…