Кутилмаган ҳолат: “Уммон” гуруҳи Бухорода берилиши керак бўлган концертига келмади (видео)

Бухоро шаҳрида 17 июль куни ўтказилиши керак бўлган “Уммон” гуруҳи концерти қолдирилди. Дастур соат 19:00 да “Universal” спорт мажмуасида бошланиши режалаштирилган эди.
Тадбир олдидан мажмуа ҳудудида хавфсизлик чоралари кўрилган. Миллий гвардия ва ҳамкор вазирликлар жамоат тартибини сақлаш, томошабинларни белгиланган тартибда киритиш ишларини ташкил этган.
Концертга келган фуқаролар текширувдан ўтказилиб, спорт мажмуасига киритилган. Аммо дастур бошланишидан аввал ташкилотчилардан бири саҳнага чиқиб, айрим сабабларга кўра концерт қолдирилганини эълон қилган.
Ташкилотчи чипта сотиб олган барча фуқароларга тўланган пул маблағлари қайтарилишини ҳам айтган. Шу хабардан кейин одамлар мажмуадан чиқиб, кассалар атрофида тўпланган.
Кейинроқ ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг кассалар олдидаги навбати ва айрим эътирозлари акс этган видеолар тарқалди.
Маълум қилинишича, вазият давомида жамоат тартиби бузилишига йўл қўйилмаган. Фуқаролар хавфсизлиги Миллий гвардия ходимлари томонидан таъминланган.
Концертнинг қолдирилиши сабаблари бўйича ҳозирда тегишли ташкилотлар суриштирув ишларини олиб бормоқда.































Изоҳлар 0
…