Амир Хон 61 ёшида учинчи бор уйланмоқда

Болливуднинг машҳур юлдузи Амир Хоннинг тўйи ҳақидаги миш-мишлар ниҳоят расман тасдиқланди. Маълум бўлишича, актёр сўнгги икки йил давомида муносабатда бўлиб келаётган Гаури Спратт билан турмуш қуришга қарор қилган.
Амир Хон ҳозирда АҚШ бўйлаб сафар қилаётганини ҳамда тўй ҳақидаги хабарлар ҳақиқат эканини тасдиқлади.
— Биз 5 июль куни никоҳдан ўтамиз, — деди актёр.
Эътиборли жиҳати шундаки, бир неча ой аввал Амир Хон расмий никоҳ у қадар муҳим эмаслиги, Гаури билан бирга яшашнинг ўзи ҳам улар учун етарли эканини таъкидлаган эди. Бироқ вақт ўтиши билан унинг бу борадаги қарашлари ўзгарган.

— Ҳа, бу рост. Ҳозир иккимиз ҳам муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканимизни ҳис қиляпмиз. Қалбимда мен аллақачон унга уйланганман. Шунинг учун муносабатларимизни расмийлаштириш севгимизнинг табиий давоми бўлади, — деди кино юлдузи.
Амир Хоннинг бўлажак рафиқаси Гаури Спратт асли Бангалор шаҳридан бўлиб, соғлом турмуш тарзи ва гўзаллик индустрияси соҳасида муваффақиятли фаолият олиб боради. Актёр ўтган йили ўзининг 60 ёшлик юбилейида уни илк бор оммавий ахборот воситалари ва мухлисларга таништирган эди.

Кейинчалик 61 ёшли актёр Гаури билан кўп йиллардан бери таниш бўлганини, маълум вақтдан сўнг яна учрашиб, муносабатлари тобора мустаҳкамланиб борганини айтиб берган. Сўнгги вақтларда эса жуфтлик турли йирик тадбирлар ва фильм премераларида биргаликда кўриниш бермоқда.
Маълумот учун, Амир Хон бугунга қадар икки марта оила қурган. Унинг биринчи турмуш ўртоғи Реина Датта бўлиб, уларнинг Жунайд Хон ва Ира Хон исмли фарзандлари бор. Кейинчалик актёр Киран Рао билан турмуш қурган ва уларнинг никоҳидан Азад исмли ўғли дунёга келган.
Ажрашганига қарамасдан, Амир Хон ҳар икки собиқ рафиқаси билан ҳам илиқ ва дўстона муносабатларни сақлаб келмоқда ҳамда фарзандлари тарбиясида фаол иштирок этиб келади.





























Изоҳлар 0
…