Фаҳрие Эвжен 40 ёшда : муҳожир қизидан юлдузгача

Турк кинематографиясининг энг машҳур ва энг юқори ҳақ олувчи актрисаларидан бири саналган Фаҳрие Эвжен 40 ёшни қарши олди. Кўпчилик уни машҳур актёр Бурак Ўзчивитнинг рафиқаси сифатида танийди. Бироқ Фаҳриенинг ҳаёт йўли ва эришган ютуқлари уни мустақил равишда ҳам алоҳида эътироф этишга арзийдиган шахсга айлантирган.
Актриса Германиянинг Золлинген шаҳрида турк муҳожирлари оиласида дунёга келган. Оиладаги тўрт қиздан энг кенжаси бўлган Фаҳрие меҳнатсеварлиги ва интизоми билан ёшлигидан ажралиб турган. Опаларининг меҳри ва қўллаб-қувватлаши унинг шаклланишида муҳим ўрин тутган.

Болалик йиллари ҳамиша ҳам осон кечмаган. Германияда муҳожирларга қарши кайфият кучайган даврларда унинг оиласи хавфсизлик мақсадида бир неча бор яшириниб яшашга мажбур бўлган. Бу воқеалар кейинчалик актрисанинг ҳаётида унутилмас из қолдирган.

Фаҳрие таълимга алоҳида аҳамият берган. У немис, инглиз ва испан тилларини мукаммал ўзлаштирган, турк тилини ҳам чуқур ўрганган. Дастлаб социология соҳасида таҳсил олган бўлса-да, тақдир уни санъат оламига бошлаб кирди.

Ҳаммаси Истанбулдаги таътил пайтида бошланган. Ёқимтой ташқи кўриниши ва табиий истеъдоди билан продюсерлар эътиборини тортган Фаҳрие илк бор сериалларда кўриниш бера бошлади. Кўп ўтмай унга янги таклифлар ёғилди ва актрисалик фаолияти тез суръатларда ривожланди.

Унинг ҳаётидаги энг муҳим бурилишлардан бири Бурак Ўзчивит билан танишув бўлди. Икки юлдузнинг ҳамкорлиги аввал экранда бошланган бўлса, кейинчалик ҳақиқий муҳаббатга айланди. Жуфтлик 2017 йилда турмуш қурди ва ҳозирда икки нафар ўғли — Каран ва Керемни тарбиялаб келмоқда.

Бугунги кунда Фаҳрие Эвжен нафақат муваффақиятли актриса, балки намунавий она ва рафиқа сифатида ҳам мухлислар меҳрини қозонган. Унинг муҳожир оиласидаги оддий қизалоқдан Туркиянинг энг талабгир юлдузларидан бирига айлангани кўпчилик учун ҳақиқий илҳом манбаи бўлиб қолмоқда.





























Изоҳлар 0
…