Зуҳра Солиева: “Эртага ўлсанг, ўлигингни ким кўтаради, деб ёзишди” (видео)

Актриса Зуҳра Солиева “24/7 podcast” дастурида ижтимоий тармоқларда ўзига қолдириладиган салбий изоҳлар ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, айрим фикрлар жуда оғир ботган бўлса-да, уларга муносабат билдиришга ҳаракат қилган.
Актриса энг кўп таъсир қилган изоҳлардан бири ўрта ёшли аёл томонидан ёзилганини эслади.
“Энг қаттиқ теккани шу бўлди. Бир аёл менга: 'Менинг болам бор, неварам бор, оилам бор, уйим бор. Сен эса ёлғизсан. Эртага ўлсанг, ўлигингни ким кўтаради? Қарилигинг қариялар уйида ўтади', деб ёзди”, — деди Солиева.
Актрисанинг сўзларига кўра, у аввалига вазиятга хотиржам ёндашишга ҳаракат қилган ва изоҳ муаллифига бундай гапларни ёзмасликни тавсия қилган.
“Мен унга: 'Товба денг. Ўзингиз бахтли, оилали инсон экансиз. Авлодингизда қизларингиз, невараларингиз бор экан, уларнинг тақдирини ўйлаб, бундай гапларни айтмасангиз бўларди', деб ёздим. Аммо у тўхтамади. Кейин яна: 'Сенинг ичинг аламзада, бечора, сени киминг ҳам, ниманг ҳам бор?' деб ёзишда давом этди”, — дея воқеани эслаб ўтди актриса.
Суҳбат давомида Солиева ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрлар баъзан инсон руҳиятига таъсир қилиши мумкинлигини, бироқ бундай ҳолатларда сабр ва вазминликни сақлаш муҳимлигини таъкидлади.






























Изоҳлар 0
…