06:30 / 01.06.2018
4 884

Санкт-Петербургдаги халқаро конгресс қатнашчиларига катта Лангар Қуръони кўрсатилади

Санкт-Петербургдаги халқаро конгресс қатнашчиларига катта Лангар Қуръони кўрсатилади
Эрмитаж ва Қишки сарой. Фото: AP
2018 йилнинг 6—8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида «Ўзбекистон маданий мероси-халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» Иккинчи халқаро конгресси бўлиб ўтади.

ЎзЭОАВМА мутасаддиларининг «Дарё»га хабар беришича, тадбир давомида Қуръони Каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхалардан бири «Катта Лангар Қуръони» номи билан аталадиган саҳифалари Санкт-Петербургда намойиш этилади.

Эслатиб ўтамиз, «Катта Лангар Қуръони» Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ва Санкт-Петербургда сақланаётган қўлёзмадир.

Қўлёзманинг бизгача етиб келган энг катта қисми — 81 саҳифаси бугунги кунда Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Ушбу китобни чуқур тадқиқ этган россиялик олим, тарих фанлари доктори, профессор Ефим Анатольевич Резваннинг ёзилишича, ушбу қўлёзманинг яратилиши VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю. Крачковский ўзининг «Араб қўлёзмалари устида» китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.

Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси — пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 52,5х34,0 сантиметрни ташкил этган. Матнлар араб алифбосининг энг қадимий турларидан бўлган куфий-ҳижозий хатида битилган. Саҳифаларнинг айримлари жуда яхши сақланган, баъзиларига, айниқса саҳифаларнинг бурчакларига жиддий зарар етган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. ХVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган. Ушбу матнларнинг асосий қисмини бироз дағалроқ шаклда, насх ва настаълиқ хатида битилган Қуръон оятлари ташкил этади.

Қўлёзманинг Санкт-Петербургда сақланаётган қисмида Қуръони Каримнинг 44 та сураси оятлари (шундан 22 таси тўлиқ) ўрин олган. Дастхатдаги фарқларга қараганда, бу қўлёзма иккита котиб томонидан кўчирилган. Китоб ҳажмининг катталигини ҳисобга олсак, уни тенг иккига бўлган ҳолда кўчиришган деб тахмин қилиш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Санкт-Петербургдаги халқаро конгресс қатнашчиларига катта Лангар Қуръони кўрсатилади